ЎзА Ўзбек

12.02.2019 16:47 Чоп этиш версияси

БМТ: Суриядаги нотинч вазият оқибатида 400 мингдан ортиқ аҳоли ҳалок бўлган

БМТ: Суриядаги нотинч вазият оқибатида 400 мингдан ортиқ аҳоли ҳалок бўлган

Сурияда авж олган нотинч муҳитнинг бошланганлигига етти йилдан ошди. Бутун Ер юзи аҳолиси тинчлигига рахна солган Иккинчи жаҳон уруши ҳам беш йил давом этган эди. Аслида Суриядаги сиёсий нотинч вазият 2011 йилнинг март ойида халқнинг норозилик намойишларини ҳукумат томонидан катта тазйиқ остида бостирилишидан бошланган эди. Ушбу ҳаракатлар ҳукумат кучлари ҳамда маҳаллий қуролли мухолифат томоннинг ўртасидаги йиллар давомида авж олиб бораётган зиддиятли тўқнашувига асос бўлди.

БМТ маълумотига кўра, ҳудуддаги ҳарбий тўқнашувларда шу кунга қадар 400 мингдан ортиқ сурияликлар ҳалок бўлган. Мамлакат аҳолисининг яримидан кўп қисми эса ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлган 13 миллион сурияликнинг 5 миллионини болалар ташкил этаётгани ачинарли ҳолатдир.

Суриядаги қонли тўқнашувларни бартараф этиш, ҳудудда барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида 2012 йилнинг июнь ойида БМТ томонидан Сурия масалалари бўйича Женева коммюникеси қабул қилинди.

Ушбу коммюнике асосида Сурия масаласи юзасидан саккизта музокаралар ўтказилди. Музокараларда мамлакат бошқаруви, конститутция ислоҳотларини ўтказиш, сайловлар ташкил этиш ва терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида Сурия ҳукумати мухолифат томон билан бир неча бор келишувга эришган. Аммо, ҳудуддаги вазият доимо бир хил эмас. Террор гуруҳ жангариларининг ҳарбий ҳаракатлари ушбу келишувлардан устун келиб, мамлакатда тинчлик ўрнатишга рахна солмоқда.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура таъкидлашича, БМТ томонидан олиб борилган қатор ташвиқот ишлари натижасида ҳудудда ҳукумат ва мухолифат томон ўртасида ижобий муносабатларни тиклашга эришилган. Ташкилот ташаббуси билан минтақада конституциявий ислоҳотларни ўтказиш мақсадида Сурия конституциявий қўмитаси тузилганлиги ташкилотнинг мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлаш йўлида амалга оширган асосий хизматларидан бири бўлди.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА​​
1 744