ЎзА Ўзбек

22.02.2019 16:34:21 Чоп этиш версияси

БМТ: “Афғонистонга зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатиш зарур”


Афғонистонда зиддиятлар давом этмоқда. Ўтган йилда кучли қурғоқчилик кузатилди. Булар оқибатида мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётир, БМТ ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, халқаро ҳамжамиятни оғир гуманитар кризис хавфидан огоҳлантирмоқда.

Евроньюс”нинг қайд этишича, БМТ вакиллари донор мамлакатларни зудлик билан Афғонистонга бу йилда 600 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишга чақирмоқда.

“Ҳафсалам пир бўлди. Мана февраль ойи якунланмоқда, биз эса зарур маблағнинг уч фоизини олдик холос. Очлик чегарасида турган 3,5 миллион афғон тақдиридан хавотирдаман”, деган БМТнинг Афғонистондаги миссияси вакили Тоби Ланцер ОАВга берган интервьюсида. 

БМТга кўра, Афғонистонни сиёсий тартибга солиш гуманитар муаммоларни ҳал қилиш имконини беради.

“Энг аввало тинчлик зарур, бу борада турли давлатлар, асосийси афғон халқи ва ҳукумати томонидан 40 йиллик урушга барҳам берувчи қадамлар қўйилиши лозим” дея қўшимча қилган Тоби Ланц. 

БМТ таҳлилича, қўшни давлатлардаги 4 миллион афғон қочоқларининг ўз ватанига қайтарилиши Афғонистонда барқарорлик касб этаётгани нишонасидир, аммо бу шундоқ ҳам ярим аҳолиси қашшоқликда яшаётган мамлакат муаммоларини янада мураккаблаштиради.