ЎзА Ўзбек

12.01.2019 16:02 Чоп этиш версияси

Биз билган ва билмаган Германия

Биз билган ва билмаган Германия

Германия - табиати гўзал ва қизиқарли шаҳарларга бой мамлакат. Бу мамлакат иқтисодиёти Европадаги энг кучли бўлиб, жаҳонда бешинчи ўринда туради. 2017 йилда Германия ЯИП 3,685 триллион АҚШ доллар (аҳоли жон бошига 44 550 доллар)ни ташкил қилди. Айнан Германияда олмашумул илмий кашфиётлар амалга оширилган: бу мамлактда илм-фан азалдан ривожланиб келган.

Германия ўзининг гўзал ва турли-туман табиати билан кишини ўзига ром қилади. Шимолий ва Болтиқ денгизлари соҳилларидаги қумли пляжлар сайёҳларни ўзига чорлайди. Ўрмонлар, ўрта асрларга оид қасрлар асрлардан бери шоирларга илҳом бағишлаб келган. Баланд тоғлар ва тиниқ кўллар ҳам Германия тимсолларидан ҳисобланади.

Ҳудуди 357 408,74 км²ни ташкил қилувчи Германия аҳолиси 82 миллиондан ошиб кетган бўлиб Европадаги аҳолиси энг зичмамлакатлардан бири ҳисобланади. Аҳолиси сони бўйича жаҳонда 17- ўринда, Европада 2-ўринда туради. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи 76 та шаҳарда истиқомат қилади. Энг йирик шаҳарлари сифатида Берлин (3,3 млн), Гамбург (1,7 млн) ва Мюнхен (1,3 миллион) ҳисобланади. Германиядаги ҳар бир шаҳар-(у катта бўладими, ёкикичик, қадимий бўладими ёки замонавий) ўзининг бой тарихи билан фахрлана олади. Кўплаб шаҳарларда ўрта аср деворлари билан ўралган тарихий марказлар яхши сақланиб қолган.

Германия Федератив Республикаси– парламент демократияси қарор топган давлатдир. 1949 йилда қабул қилинган конституцияси инсон хуқуқларини, диний эркинликни, сўз эркинлигини ва қонун олдида барча фуқороларнинг тенглгини кафолатлайди. 1990 йилнинг октярида Шарқий (ГДР) ва Ғарбий (ГФР) Германия бирлашганидан кейин мамлакат пойтахти сифатида Берлин шаҳри танланди.

Германия 16 та федерал ўлкадан ташкил топган, уларнинг ҳар бири қандайдир, масалан маданиятва таълим соҳасида масаланиҳал қилишда маълум даражада сиёсий эркинликлардан фойдаланади. Германияда таълим тизими марказлаштирилмаган: барча 16 та федерал ўлка олий таълим соҳасида ўзининг қонун ва норматив ҳужжатларига эга. Немис университетлари ҳам мустақилдир, шу сабабли бу олий таълим даргоҳларининг ўзидан таълим шартлари ва қабул талабларини олиш керак бўлади.

Германия иқтисоди жаҳонда етакчи ўринларда туради. Мамлакат асосан электротехника, машинасозлик, автомобил саноати, экология соҳасидаги технологиялар, фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотларини экспорт қилади. „Made in Germany“ ("Германияда ишланган") – умумэътироф этилган сифат белгисидир: жаҳонда Mercedes, BMW, Audi, Bayer, Siemens брендлари анча машҳур.

Инновацион ғоялар Германия тараққиётининг двигатели ҳисобланади. Айнан Германия кўплаб кашфиётларнинг ватани саналади. Масалан, автомобиллар ва хавфсизлик ёстиқчалари, рентген ва аспирин, компьютерлар, чиплар ва MP3 формати Германияда яратилган. Фан ва тадқиқотлар қадимий аньана бўлиб, уларнинг нуфузи ҳамон юқори. Илк университет 1386 йилда Гейдельберг шаҳрида ташкил этилган. Нобел мукофоти соҳиблари бўйича Германия олдинги ўринларда туради. Биргина табиий фанлар ва тиббиёт соҳасида 70 нафар германиялик Нобел мукофотини олган. Улар орасида Вильгельм Конрад Рёнтген, Роберт Кох, Макс Планк, Альберт Эйнштейн, Кристиана Нюсляйн-Фольхард ва Харальд цур Хаузенлар бор.

Германия шоирлар ва мутафаккирлар ватани дея тан олинган. Чунки бу юртда Кант, Гегел, Адорно, Гёте, Гейне, Брехт, Бах, Бетховен, Брамс ва бошқалар таваллуд топган. Замонавий немис дизайнерлари, рассомлари, актёрлари, мусиқачилари ва спортчиларининг номи дунёга машҳур.

Қадимий германлар ҳақидаги илк маълумотлар қадимий юнон ва римликларнинг асарларида тилга олиб ўтилган. Германлар ҳақида биринчи маълумот 98 йилда берилган экан. Бу маълумот Рим солномачиси Тацит (Tacitus)га тааллуқлидир. «Германия» номи қадимги даврлардаги муаллифларнинг асарларида қайд қилинганлотинча «Germania»дан келиб чиққан «Германлар» (лотинча Germanus) атамаси илк бор Юлий Цезар томонидан «Галл уруши ёзувлари» асарида Рейн ортида истиқомат қилувчи халқлар борасида маълумот берилганида тилга олинган. Таҳлилчиларнинг фикрича, аслида бу сўз лотинча эмас, балки илдизи кельтларнинг «gair» («қўшни») сўзига бориб тақалади.

Аслида немис тилида давлат «Deutschland» деб аталади. «Deutsch» сўзининг маъноси немис тилида «халққа оид» деган маънони англатади, ҳамда қадимги замонларда биринчи навбатда тилни назарда тутган эди. «Land» эса «ўлка, мамлакат» деган маънони беради. Мамлакат номининг замонавий шакли XV асрдан бери қўллаб келинади.

«Немис» этноними русча «немой» («гунг») деган маънони англатади. Чунки қадимги Рус давлатида рус тилини билмайдиган ёки яхши гапира олмайдиган барча хорижликларни «гунг» деб аташган.

Ҳозирги Германия ҳудудлари Муқаддас Рим империяси таркибидаги немис давлат бирлашмаларига кирган.

Рим империяси пароканда бўлганидан кейин Ғарбий Европада Франк давлати пайдо бўлади, орадан уч аср ўтиб бу давлат Буюк Карл ҳукмронлиги даврида империяга айланади. Бироқ бу империя узоқ ҳукмронлик қилмади, Буюк Карлнинг набиралари давлатни бўлиб ташлаган ҳолда бошқаришга ўтишгани оқибатида учта қироллик — Ғарбий Франк (кейинчлик Франция), Шарқий Франк (кейинчалик Германия) ва Ўрта қироллик (кейинчалик Италия) пайдо бўлади.

Герман давлати ташкил топган сана сифатида 962 йилнинг 2 феврали тан олинади. Ўша куни шарқий Франк қироли Оттон I Римда тож кияди ва Муқаддас Рим империясининг императори дея эълон қилинади; бу империя ўлкаларнинг (немисча Land) конфедерациясидан иборат эди. Ҳар бир ўлка ўз армиясига эга бўлиб, ўзининг тангаларини зарб қиларди. Муқаддас Рим империяси тепасида ўлкаларнинг манффаатларни ҳимоя қилувчи Курфюрст (Kurfürst)лар кенгаши томонидан сайланадиган император турарди. Курфюрстлар Кенгаши Рейхстаг (Reichstag) деб аталарди. Бу қоида Наполеон I босими остида Муқаддас Рим империяси фаолиятитўхтатилган 1806 йилгача давом этди. Шундан сўнг немис давлатларининг сони камайиб, мустақил ўлкалардан иборат конфедерация кўринишидаги Рейн Иттифоқи тузилди. Вена конгресси немис давлатларнинг бирлашишига омил бўлди, бунинг натижасида 38 та герман давлатлари иштирокида Герман Иттифоқи тузилди, бу иттифоқ ҳам мустақил ўлкаларнинг конфедерациялигича қолди. Герман Иттифоқини Федерал Президент бошқарарди.

1866 йил 10 август куни Шимолий Герман Иттифоқи тузилди. 1867 йилда конституция қабул қилинди, унга кўра ўлкалар раҳбарларидан ташкил топган Федерал Кенгаш (Bundesrat), ва ҳалқ томонидан сайланадиган Рейхстаг (Reichstag) ташкил этилди.

1870 йилнинг 10 декабрида рейхстаг Шимолий Герман Иттифоқини Герман империясига (Deutsches Reich) айлантириш борасида қарор қабул қилди. Германия канцлери этиб граф Отто фон Бисмарк сайланди. Сиёсий партиялар - Германия Социалистик Ишчи партияси, Либерал Немис прогрессив партияси, Миллий-либерал партия, консерватив Немис марказ партияси ва Немис консерватив партияси пайдо бўлди.

1990 йилнинг 3 октябр куни Германия Демократик Республикаси ва Ғарбий Берлин Германия Федератив Республикаси таркибига киритилди.

Германия давлат тузилмасига кўра федератив ҳисобланади, унинг таркибида 16 та маъмурий-ҳудудий бирлашма - федерал ўлкалар (Бавария, Баден-Вюртемберг, Берлин, Бранденбург, Бремен, Гамбург, Гессен, Мекленбург-Передняя Померания, Қуйи Саксония, Рейнланд-Пфальц, Саар, Саксония, Саксония-Анхальт, Шимолий Рейн — Вестфалия, Тюрингия, Шлезвиг-Гольштейн) бор. Давлат бошқаруви — парламент республикаси. ГФР Федерал канцлери лавозимини 2005 йил 22 ноябридан бери Ангела Меркель (ХДС) эгаллаб келади, 2017 йилнинг 19 март куни ГФР Федерал президенти лавозимини Франк-Вальтер Штайнмайер (ГСДП) бажаришга киришди.

ШарофиддинТўлаганов, ЎзА
4 353