ЎзА Ўзбек

05.04.2020 Чоп этиш версияси

Берлинда кучли ёнғин рўй берди

Берлинда кучли ёнғин рўй берди

Германия Федератив Республикаси пойтахти Берлин шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида кучли ёнғин кузатилди. 
Ной-Хоэншенхауэн митти туманида бир йўла бир неча кўп қаватли уй ёнган. Ўт қоплаган ҳудуднинг умумий майдони 1200 квадрат метрни ташкил этади.

Оддий томошабин томонидан тасвирга олинган видео лавҳада бир уй томи портлагани акс этган. Ҳозирча бахтсиз ҳодиса сабаблари маълум эмас. Шаҳарликларнинг ижтимоий тармоқлар орқали ёзишича, ёнғин қасддан уюштирилган. Хайриятки, офат бартараф этилиб, қурбонлар берилишининг олди олинган. Барча аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган.

“Номаълум одамлар Берлиндаги бир неча осмонўпар бинога ўт қўйишди”, — дейилади норасмий хабарда. Манбанинг таъкидлашича, ёнғин муваффақиятли бартараф этилган. Фавқулодда ҳодиса оқибатида бир киши — ўт ўчириш хизмати ходими жароҳат олган. Жабрланувчи шифохонага ётқизилган.

Маълум бўлишича, ёлқин ёнма-ён жойлашган 5 та кўп қаватли уйнинг томини қоплаб олган. Аввалига “тилсиз ёв”нинг важоҳати жуда даҳшатли туюлган. Фақат 120 нафар қутқарувчининг саъй-ҳаракатлари туфайли оловнинг йўли тўсилган. Шундан сўнг Берлин осмонини улкан, қуюқ тутун қоплаган.


939
ЎзА