ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Байрутда қурбонлар сони 100 дан ошди

Байрутда қурбонлар сони 100 дан ошди

Ҳозир халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътибори Ливан пойтахтида кеча содир бўлган портлаш билан боғлиқ воқеаларга қаратилган. Одамлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар орқали фалокатнинг кўлами қанчалик катта эканидан хабардор бўлди.

Портлаш оқибатида 100 дан зиёд киши ҳалок бўлди, тўрт мингдан зиёд одам жароҳат олган. Кўрилган зарар 3-5 миллиард долларга тенглиги айтилмоқда.

Ливан ҳукумати қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини маълум қилди. Чунки вайрона бинолар остидан жасадларни олиб чиқиш давом этмоқда.

Ливан бош вазири Ҳасан Диябнинг таъкидлашича, портлашга олти йилдан буён портда сақланаётган 2750 тонна аммиак селитраси сабаб бўлган.

Таассуфки, инсон омили туфайли содир бўлган бу каби портлашлар талайгина. Илм-фан қанчалик илгариламасин, ютуқлар билан салбий оқибатлар ҳам ёнма-ён юришига гувоҳ бўламиз.

Қуйида инсон хатоси туфайли рўй берган ана шундай фалокатлар ҳақида сўз юритамиз.

2020 йил январь: Каталония

Каталониянинг порт шаҳри Таррагонда кучли портлаш рўй берди. Ҳукумат этилен гази ишлаб чиқариш заводида кимёвий ҳалокат юз берганини маълум қилди.

Таррагонда 2015 йилдан буён Европада энг йирик кимё саноати маркази ChemMed заводи фаолият олиб боради.

2019 йил ноябрь: Техас

Техас штатининг Порт Нечес шаҳридага кимё заводида иккита портлаш содир бўлди. Натижада олти километрлик масофада яшовчи 60 минг кишини кўчиришга тўғри келди.

Ушбу заводда пластик ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

2019 йил сентябр: Кипр

Кипрда қурол-яроғ заводи портлади. Шимолий Кипр ҳукуматининг маълум қилишича, портлаш ёнғин натижасида юз берган, лекин ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳалигича номаълум.

2019 йил август: Каменка

Бу ерда қурол-яроғ омбори портлаган, унга инсон аралашуви сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ёнғин дастлаб замбарак ўқлари сақланадиган омборда содир бўлган. Ҳарбий қисмдан 7 километрлик масофа айланасига ўраб олинган. 20 километр масофада яшайдиган аҳоли кўчирилди.

2019 йил июнь: Арис

Қозоғистоннинг Арис шаҳрида қурол-яроғ омбори портлади. Оқибатда шаҳарнинг 45 минглик аҳолиси тўлалигича хавфсиз жойга кўчирилди.

Чимкентда Арис аҳолисини қабул қилиш учун 15 та пункт ташкил этилди. Мазкур портлаш ҳам ёнғин сабабли юз берганлиги айтилмоқда.

2019 йил апрель: Шри-Ланка

21 апрелда уюштирилган портлаш оролдаги энг фожиали воқеа сифатида тарихда қолди. Портлаш 300 га яқин одамни ҳаётдан олиб кетди. Улар орасида 30 нафар хорижлик сайёҳ ҳам бор эди.

2019 йил январь: Мексика

Мексиканинг Идальго штатида портлаш рўй берди. Одамлар нефть қувурини яширин равишда тешиб, ёқилғини идишларга қуйиб олаётганда портлаш содир бўлган. Натижада 100 га яқин киши қурбон бўлган.

2018 йил декабрь: Япония

Саппоро шаҳрида кафеда рўй берган портлаш оқибатида 50 киши, жумладан, болалар ҳам жароҳатланди.

Кейинчалик маълум бўлишича, кафе жойлашган бинода 100 дан ортиқ ишлатилмаган газ баллонлари сақланган.

2018 йил октябрь: Украина

Черниговский областида қурол-яроғ омборида ёнғин чиқди. Портлаш ўчоғидан 20 километр масофадаги аҳоли кўчирилди.

2017 март, Украина:

Харьков вилоятида танк ва замбарак снарядлари сақланаётган омбор портлади. Ён-атрофдаги уйлар зарар кўрган, ҳукумат ушбу ҳодисани "масъулиятсизлик ва қўпорувчилик", деб атади.

2018 йил сентябрь: Германия

Бавария ўлкасида Bayernoil компаниясига қарашли нефтни қайта ишлаш заводида портлаш ва ортидан катта ёнғин келиб чиқди.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, портлаш тўлқини зарби бир неча километр масофада ҳам сезилган. Камида икки минг киши уйини тарк этишга мажбур бўлди.

2018 йил июль: Хитой

Хитойнинг Сичуан вилоятидаги кимё заводида рўй берган портлашда йигирмадан зиёд киши ҳалок бўлди. "Синьхуа" ахборот агентлигининг ёзишича, портлаш кучли ёнғинни келтириб чиқарган. Кўплаб одамлар жароҳатланди.

2018 йил март: Чехия

Чехиянинг Кралупи-над-Влтавоу шаҳридаги Unipetrol компаниясига қарашли кимё комбинатида портлаш юз берди. Натижада ўнга яқин киши қурбон бўлди.

Unipetrol Чехиядаги пластмассалар ишлаб чиқарадиган завод. Заводда ёқилғи сақланаётган резервуарлардан бири портлаган.

2017 йил ноябрь: Хитой

Мамлакат шарқидаги Нинбо шаҳрида заводларнинг бири портлаган, ўнлаб одамлар жабрланган. Портлаш натижасида узоқда жойлашган биноларнинг ҳам ойналари тўкилиб тушган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, фожиага газ қувури портлаши сабаб бўлган. Яна бир сабаб газ баллонларининг портлаши ҳам бўлиши мумкин.

2017 йил сентябрь: Винници

Винници областида Украина қуролли кучларининг йирик қурол-яроғ омбори портлади. Атрофдаги 30 минг киши шаҳар чеккасига кўчирилди.
Ушбу омборда жами 188 минг тонна ўқ-дори сақланган.

2017 йил август: Техас

Кимё заводида юз берган портлаш 30 га яқин кишининг ўлимига сабаб бўлди.

2017 йил август: Озарбайжон

Мамлакат шимолида жойлашган Хизин туманидаги Гилязи қишлоғида қурол-яроғ омборида портлаш рўй берган. Ҳатто “Град” тизимидаги иккита ракета ён-атрофдаги иккита уйга бориб тушган.

2017 йил май: Мексика

Пиротехника заводида рўй берган портлаш камида 14 кишини ҳаётдан олиб кетди. Воқеа Пуэбла штатининг Сан-Исидо шаҳрида рўй берди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 4 ёшдан то 15 ёшгача бўлган болалар бўлган.

Ушбу воқеадан бир йил аввал ҳам портлаш ва унинг ортидан келиб чиққан ёнғин туфайли мамлакатдаги пиротехникалар сотиладиган энг йирик бозор ёниб кетган эди. 30 дан зиёд киши ҳалок бўлган.

2017 йил апрель: Португалия

Бу ерда ҳам пиротехника заводида портлаш содир бўлган, 10 га яқин киши қурбон бўлган, бир неча киши бедарак йўқолган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, қурбонлар орасида ушбу унчалик катта бўлмаган хусусий заводнинг эгаси ва қизи ҳам бўлган.

2016 йил октябр: Германия

BASF заводида юқори босимда сиқилган газ ва тез ўт олувчи суюқликни ортиш-туширишда портлаш рўй берган.

2016 йил июнь: Франция

Лиондаги кимё заводида ёнғин содир бўлди. Завод Лион-Марсель автомагистралига яқин жойлашган бўлиб, уни ўн йил бурун Хитойнинг йирик кимё корпорацияси сотиб олганди.

2017 йил февраль: Ўзбекистон

Таассуфки, бу каби кўнгилсиз воқеалар Ўзбекистонда ҳам бўлган. 23 февралда «Фарғонаазот» заводида портлаш содир бўлган.

Портлаш аммиак цехида таъмирлаш-монтаж ишлари олиб борилаётган чоғда рўй берган. Бир нечта одам ҳалок бўлган.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА

4 397
ЎзА