ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Байрутда портлаш қурбонлари 78 нафарга етди

Байрутда портлаш қурбонлари 78 нафарга етди

Ливан пойтахтида кеча содир бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сўнгги маълумотларга кўра 78 киши экани, тўрт мингдан зиёд киши жароҳат олгани айтилмоқда. Бу хабарни "Ал-Жазира" телеканали Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига таяниб тарқатган.

Ливан ҳукумати қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини маълум қилган, чунки кўпчилик бедарак йўқолган, деб ҳисобланяпти, вайронага айланган бинолар остидан жасадларни олиб чиқиш ишлари давом этмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, фожиа оқибатида шаҳардаги мавжуд биноларнинг ярми зарар кўрган, касалхоналар ярадорлар билан тўлиб кетган.

Ливан бош вазири Ҳасан Диябнинг таъкидлашича, портлашга олти йилдан буён портда сақланаётган 2750 тонна аммиак селитраси сабаб бўлган.

Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Ливан президенти Мишель Аун мамлакатда икки ҳафталик фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун зудлик билан ҳукумат мажлисини чақирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка генераллари билан учрашганидан кейин портлаш атай уюштирилгани ҳақида баёнот берди ва матбуот анжуманида портлашни уюштирилган “ҳужум” деб атади.

"Ҳа, портлаш хусусиятига асосланиб, шундай, деб ўйлайман. Мен генераллар билан учрашдим, улар ҳам шундай фикрда. Бу ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ портлашга ўхшамаяпти", - деди Трамп.

Ливан бош вазири Ҳасан Дияб айбдор топилиб жавобгарликка тортилмагунича, хотиржам бўла олмаслигини маълум қилди. “2750 тонна аммиак селитраси олти йил давомида омборда қаровсиз ётганини кечириб бўлмайди”, - деди бош вазир.

Ҳукумат бошлиғи содир бўлган воқеани ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этиш таклифини киритди. Комиссия 48 соат ичида портлаш сабабларини аниқлаши ва жавобгарни топиши лозим.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Байрутга жароҳатланганларни даволаш учун дори-дармон ва жарроҳлик тўпламлари жўнатмоқда, деб хабар берди ЖССТ вакили Инас Ҳамом.

“Зарурат туғилса, қўшимча материаллар ҳам жўнатилади”, деди у.

3 767
ЎзА