ЎзА Ўзбек

14.07.2018 08:01 Чоп этиш версияси

Бастилия – озодлик тимсоли

Бастилия – озодлик тимсоли
14 июль куни Бастилия ишғол қилинганида қалъада атиги 7 нафар маҳбус – 4 нафар сохта пул ясовчи, 2 нафар руҳий бемор ва бир қотил бор эди.

Афсонавий Бастилия. Бу сўзни эшитмаганлар бўлмаса керак. Кўпчилик Бастилия қамоқхонасини Александр Дюманинг романлари орқали яхши билишади. Қалъа 1382 йилда қурилган бўлиб, унинг асосий мақсади пойтахтга қилинадиган ҳужумларнинг олдини олиш эди. Бироқ кўп ўтмай, қалъадан қамоқхона сифатида фойдаланила бошланди. Бу ерга маҳбуслар судсиз-сўроқсиз, биргина қирол буйруғи билан олиб келинарди. Салкам 400 йиллик тарихи давомида мазкур қамоқхонадан саноқли маҳбусларгина озодликка чиқишга муваффақ бўлгани маълум. 

14 июль – Буюк француз инқиболига, яъни Бастилия қалъаси ишғол этилган кунга бағишланган Франциянинг миллий байрами. 1789 йилнинг 14 июль куни исён кўтарган парижликлар қирол зўравонлигининг рамзи бўлмиш Бастилия қамоқхона-қалъасини ишғол қилдилар. Шу ҳодиса Буюк Француз инқилобининг бошланиши сифатида кўрилади. Айни дамда “Бастилия” сўзи озодлик рамзига айланган, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бастилия (французча la Bastille, тарихий номи la Bastille Saint-Antoine) – 1370-1381 йилларда қурилган қалъа бўлиб, у ерда кейинчалик асосан давлатга хиёнат қилган жиноятчилар сақланган. 1789 йилнинг 14 июль куни юз берган Буюк Француз инқилоби даврида қалъа инқилобчилар томонидан эгалланиб, орадан кўп ўтмай, бузиб ташланган. Айни дамда бузилган қалъа ўрнида Париждаги ўнлаб кўчалар туташган – Бастилия майдони бор. 

Бастилиянинг биринчи маҳбуси Гуго Обрио исмли киши бўлиб, у муқаддас жойларни таҳқирлашда айбланган эди. У қамоқда 4 йил ўтирганидан сўнг, 1381 йилда юз берган инқилоб даврида исёнкорлар томонидан озод қилинади. Навбатдаги маҳбус Людовик XI (1465-1481)нинг душмани бўлмиш епископ Верденский Гильом де Горакур экани айтилади. У 10 йил давомида, фақат ўтириш мумкин бўлган темир қафасда ушлаб турилади. 

Тарихчиларнинг сўзларига қараганда, Людовик XIV ҳукмронлигидан сўнг, XVIII асрда Бастилияда ўша даврнинг энг машҳур олимлари – файласуфлар, публицистлар, ҳатто китобфурушлар ҳам ушлаб турилган. Ёзувчи Вольтер бу ерда икки марта – 1717 йилда герцогина де Веррини ҳажв қилгани, 1726 йилда эса шевалье де Роган билан боғлиқ можаро учун ўтиришга мажбур бўлади. Мармонтель, Бомелле, аббат Морелле, Ленге, Алессандро Калиостро, Маркиз де Сад, графиня Де Ламотт, Фуке ва бошқалар ҳам Бастилияда жазо муддатини ўташган.

1789 йилнинг 14 июль куни Бастилия ишғол қилинганида қалъада атиги 7 нафар маҳбус – 4 нафар сохта пул ясовчи, 2 нафар руҳий бемор ва бир қотил бор эди. Халқнинг Бастилияга бўлган нафрати инқилоб йилларида ўзининг авж нуқтасига чиқди. Ҳатто ҳукумат вакиллари ҳам тез орада Бастилия қўлга олинишидан хавфсираб туришарди. 18 аср охирларига келиб, Франция касодга учраш даражасига келиб қолди. Париж аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда истиқомат қиларди. Молиявий инқироздан чиқиб кетиш мақсадида Людовик XVI 1789 йилнинг 5-майида Фавқулодда масалаларни муҳокама қиладиган Бош штатларни чақиришга қарор қилди. Бу масалани муҳокама қилишни истамаган депутатлар 17 июнь куни ўзларини Миллий Йиғин деб эълон қилдилар ва 23 июнь куни қиролга бўйсунмасликлари борасида баёнот билан чиқишди.

9 июль куни эса Миллий Йиғин ўзини Таъсис Йиғини дея эълон қилди. 14 июлда ҳукумат қўшинларига қарши чиққан халқ Бастилия томонга ошиқди. Бу санадан икки кун аввал, яъни 12-июль куни Камиль Демулен Паль-Роялда оташин нутқ сўзлайди. 13-июлда эса Арсенал, Ногиронлар Уйи ва шаҳар мэрияси талон-торож қилинади.

14 июлда эса қуролланган оломон Бастилияни эгаллайди. Исёнкорлар кўнгиллиларни қуроллантириш мақсадида қалъада бўлган қурол-аслаҳаларни қўлга киритишни режалаштирган эди. 

Исёнкорларнинг вакиллари Бастилия коменданти маркиз де Лонэга мурожаат қилиб, қалъани ўз ҳоҳиши билан топширишини талаб қилади. Бироқ комендант бу талабга бўйсунмайди. Шундан сўнг қалъа қўриқчилари ва исёнкорлар ўртасида отишма бошланади. Версалдан ёрдам келавермагач, қалъани исёнкорларга топширишга қарор қилинади. Бир неча зобит шафқатсизларча ўлдирилади. Бастилияда бўлган маҳбуслар озод қилинади. Қалъа архиви деярли йўқ қилинади. Эртаси куни қалъани бузиб ташлаш борасида қарор қабул қилинди. Бастилия қалъаси шаҳар аҳолисининг саъй-ҳаракатлари билан 1791 йилнинг 16-май куни бутунлай йўқ қилинади. У ерга “Эндиликда бу ерда ҳамма рақсга тушади” деган лавҳа осиб қўйишди. Қалъанинг тошларидан Бастилиянинг кичик макети ва Конкорд кўприги қурилишида фойдаланилади. Буюк Француз инқилоби Бастилияни қамоқхона ва қирол ҳукмронлигининг рамзи сифатида йўқ қилди. 

1880 йилдан бошлаб Бастилия қалъасининг ишғол қилиниши миллий байрам сифатида нишонланади. 13-июль оқшоми Парижда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. 14 июль куни эса Елисей майдонида эрталаб маҳаллий вақт билан соат 10да президент иштирокида ҳарбий парад ўтказилади. Тунда эса маёқбозлик ташкил этилади. Бу каби байрам Парижда ҳатто Янги йил оқшомида ҳам нишонланмаслиги айтилади. Бастилия қалъасини ишғол қилиниши Франциянинг миллий байрами бўлишига қарамай, бутун дунёда нишонланади. Чунки Бастилиянинг эгалланиши инсоният тарихидаги энг ёрқин ҳодисалардан биридир.

Анъанага биноан Бастилия ишғол этилган кун Франциянинг бутун дунёдаги элчихоналарида байрам сифатида нишонланади. Тошкентда ҳам 14 июль, шанба куни Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида кенг жамоатчилик иштирокида тантана қилинади. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
9 748