ЎзА Ўзбек

06.09.2020 Чоп этиш версияси

Бангладеш масжидидаги ҳодиса қурбонлари сони 20 нафардан ошди

Бангладеш масжидидаги ҳодиса қурбонлари сони 20 нафардан ошди

“Dhaka Tribune” газетаси тарқатган хабарда Бангладешдаги масжидда юз берган портлаш натижасида камида 21 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Қурбонлар орасида ҳосил бўлган ёнғинда куйиш оқибатида жон берган болакай ҳам бор.

Аввалги маълумотларда воқеа чоғи вафот этганлар 12, жароҳатланганлар эса тахминан 50 нафарлиги эълон қилинганди.

Нашрнинг ёзишича, масжид имоми ва муаззини ҳам ҳалок бўлган. 15 дан зиёд одам Бангладеш пойтахти Дакка шаҳридаги касалхонага ётқизилган. Мазкур тиббиёт муассасаси шифокори Парта Шангкар Пол олиб келинганларнинг барчаси оғир аҳволда эканини эътироф этган.

Маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизмати ва полиция вакиллари портлаш сабабларини ўрганишга киришган.

Ушбу бахтсиз ҳодиса порт шаҳар - Нараянганж ҳудудидаги масжидда, жума куни кечқурун 21.00 атрофида - мусулмонлар хуфтон намозини адо этаётган пайтда содир бўлган. Маҳаллий ҳукумат вакилларининг айтишича, масжид ҳудудида ер остидан газ қувурлари ўтган. Дастлабки фаразлар ёрилган қувурдан чиққан заҳарли газ бино ичини қоплаб олгани, кимдир электр токи билан ишлайдиган иситиш-совутиш мосламасини уламоқчи бўлганда портлаш рўй берганини тасдиқламоқда.

5 086
ЎзА