ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Бағдодда АҚШ элчихонаси ўққа тутилди

Бағдодда АҚШ элчихонаси ўққа тутилди
26 март куни тонгда Бағдоддаги “яшил ҳудуд”га қарата энг камида 2 та ракета йўналтирилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар тарқатган.

Ракеталар АҚШ элчихонасига яқин жойда портлаган. Қурбонлар, жабрланганлар ва вайрон бўлган иншоотлар ҳақидаги маълумотлар ҳали аниқ эмас.

Ироқ пойтахтидаги “яшил ҳудуд”да ҳукуматга тегишли асосий бинолар ва хорижий дипломатик ваколатхоналар жойлашган.

Ёдингизда бўлса, 14 март куни ҳам Ироқдаги Америка ҳарбий базалари, шунингдек АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция қўшинлари ўрнашган ҳудудларга номаълум кучлар ҳужум уюштирганди. Бундай ҳаракатлар тўр кун ичида икки бор рўй берди. Ироқлик ҳарбийлардан бирининг айтишича, ҳудудга 10 дан зиёд ракета учирилган.

Жорий йил бошидан буён Бағдоддаги АҚШ элчихонаси бир неча бор ўққа тутилди. Ҳужумлар серияси бошланиши 3 январга ўтар кечаси АҚШ қўшини томонидан Эрон Исломий инқилобни қўриқлаш корпуси “Аль-Қудс” махсус кучлари қўмондони, мамлакатнинг энг обрўли генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилиши билан бошланган. 8 январь тунда Эрон кучлари ҳам АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий объектларига ракета зарбаларини йўллади. Мазкур қасос операцияси “Шаҳид Сулаймоний” деб номланганди.

3 610
ЎзА