ЎзА Ўзбек

15.01.2018 16:47:02 Чоп этиш версияси

“Баҳайбат вируслар” сабаб инсоният қирилиб кетадими?

“Баҳайбат вируслар” деб ҳажми микрометрдан катта вирусларга айтилади. Ҳозиргача фанга “баҳайбат вируслар”нинг тўртта оиласи маълум. Булар мимивирус, пандовирус, питовирус ва молливирусдир. 

Улар ичида энг “бўйдор”и питовирус бўлиб, унинг узунлиги 1,5 микрометр. У ичи липидлардан иборат 60 нанометрли қат-қат қобиқ билан ўралган. Питовирус қурбони ичига кириб олиш учун бактерия шамойилини олади. Ҳужайра ичига киргач, қобиғи ёрилиб, липидли мембранасидан “ариқча” орқали суюқлик чиқади. Натижада вирус тўхтовсиз кўпая боради. 

Олимлар томонидан сайёрамизнинг абадий музликлар билан қопланган ҳудудларида ана шундай “баҳайбат вируслар” топилаётгани ва фаоллаштирилаётганлиги охир-оқибат инсониятга катта хавф туғдирмайдими, деб ёзади РИА Новости. 

Мисол учун, 2014 йилда ҳам Ёқутистоннинг шимолий-шарқий қисмида “баҳайбат вируслар” топилган эди. Аниқланишича, уларнинг ёши 30 минг йилга тенг бўлган. Энг қизиғи, бундан 30 минг йил олдин ҳам номаълум инфекциядан одамзотнинг қадим ажодлари-неандарталлар қирилиб кетган. Бу тасодифми ёки... 

“Баҳайбат вируслар” инсониятга хавф туғдириш мумкин, деб хавотирланишга асос жуда кам, – дейди Россия Фанлар Академиясига қарашли тупроқшуносликнинг физик-кимёвий ва биологик муаммолари институтининг криология лабораторияси катта илмий ходими Л.Шмакова. – Ҳозирча “баҳайбат вирус”ларнинг фақат бир хужайрали содда организмларга зарар етказиши исботланган. 

Маълумот учун: “Баҳайбат вирус”ларнинг геноми жуда бой бўлсада (мисол учун пандовирус оқсилида 2556 та ген бор, ва уларнинг фақат 401тасигина нима функция бажариши фанда аниқланган) улар ҳужайрага “қариндош” эмас. Чунки ҳужайрада бўлганидек рибосомалар, РНК унда йўқ ва бўлиниш йўли билан ҳам кўпаймайди.