ЎзА Ўзбек

10.01.2020 Чоп этиш версияси

Aвстралиянинг жанубига ҳаддан ташқари иссиқнинг янги тўлқини кириб келмоқда

Aвстралиянинг жанубига ҳаддан ташқари иссиқнинг янги тўлқини кириб келмоқда

Виктория штатида, аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланиб, янги ҳаддан ташқари иссиқ тўлқин яқинлашаётгани тўғрисида огоҳлантириш берилди.

photo5242419610026880041.jpg

Штатда ўрмон ва буталарнинг катта миқёсдаги ёнғинлари авж олиб, фавқулоддаги вазиятни янада кескинлашиши хабар қилинди, деб ёзади dw.com ахборот нашри.

9 январь куни Виктория штати фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Эндрю Крискпнинг берган баёнотига кўра, “Кейинги 36 соат ичида, мамлакатнинг жануби-шарқидаги Виктория штатида “жуда хавфли ва динамик“ ҳолат юзага келди.

10 январь куни минтақада кутилаётган об-ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли, штат маъмурияти табиий офат фавқулодда режимини яна икки кунга узайтириб, Викториянинг баъзи ҳудудларида “экстремал вазият” ўзгармаётганини маълум қилди.

Австралия полиция маҳкамаси бошлиғи Лиза Невилл жамоатчиликка қилган мурожаатида, ёнғин тўхтамаётгани ҳақида аҳолини огоҳлантирди ҳамда одамларни эвакуация ишларига кўмаклашишга чақириб, мамлакатда ёнғинлар янада авж олаётгани ҳақида баёнот берди.

photo5242419610026880042.jpg

Эслатиб ўтамиз, Aвстралия ўрмонларида, асосан мамлакатнинг жануби-шарқида ёнғинлар 2019 йил августидан бери давом этмоқда.

Ёнғинлар натижасида 2020 йил 5 январь ҳолатига кўра, 6,3 миллион гектарга яқин ўрмонларга зарар етиб, 2500 дан ортиқ бино (шу жумладан 1300 дан ортиқ турар-жой бинолари) аланга ичида қолди. Дунё ОАВлари ёнғинлар натижасида 25 киши вафот этгани тўғрисида хабар тарқатди.

2019-2020 йилги мавсумдаги ёнғинлар бутун дунё ёнғинлари тарихидаги энг катта талофат етказгани билан тарихда қолмоқда.

2019 йил декабрь ойида янги Жанубий Уэлс штати ҳукумати рекорд даражадаги ҳарорат, узоқ давом этган қурғоқчилик ва ёнғинларнинг авж олиши сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, уч миллиардга яқин ҳайвонлар давом этаётган ёнғинлардан жабр кўрган.

Сидней университети экологи Крис Дикманнинг сўзларига кўра, 2020 йил 8 январда ёнғинлар пайтида нобуд бўлган ҳайвонлар сони бир миллиарддан ошди.

Ёнғиннинг асосий сабаблари сифатида, қитъада рекорд даражадаги иссиқлик ва қурғоқчилик, шунингдек минтақада кучли момақалдироқ содир бўлиши натижасида ўрмонларга яшин уриши деб қаралмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён, янги Жанубий Уэлс штатининг катта ҳудудларига, айниқса, штатнинг шимолий соҳилидаги ҳудудларга, ўрта шимолий соҳил, Ҳунтер вилояти, Говкесбури шаҳри, Воллондилли, Сиднейнинг чеккалари, Mовий тоғлар, Иллаварра, Жанубий соҳилларда 100 дан ортиқ ёнғинлар содир бўлиб, уларда яшовчи аҳоли эвакуация қилинди.

4 603
Шуҳрат НЕЪМАТОВ, ЎзА