ЎзА Ўзбек

12.04.2020 Чоп этиш версияси

Ассанж Лондонда беркиниб юрган чоғида икки боланинг отаси бўлишга улгурибди

Ассанж Лондонда беркиниб юрган чоғида икки боланинг отаси бўлишга улгурибди

“Wiki Leaks” асосчиларидан бири Жулиан Ассанжнинг рафиқаси Стелла Моррис суддан маҳбусни саломатлиги туфайли гаров эвазига озодликка чиқаришга чақирди. Унинг айтишича, Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида сақланган чоғида жуфтлик икки нафар фарзанд кўрган. Бу ҳақда Буюк Британиянинг машҳур “Mail” газетаси ёзган.

Хабарлардан маълум бўлишича, Стелла Моррис “Wiki Leaks” асосчиси билан 2017 йилда черковда никоҳдан ўтган ва ҳозирда уларнинг икки ёшли Габриэль ва ёшига тўлган Макс исмли ўғиллари бор.

Моррис севгилисининг ҳаёти хавф остида, деб ҳисоблайди. Маҳбусни ушлаб туришган қамоқхонада коронавирус касаллигига учраганлар бор. Ҳатто, бир бемор вафот этган ҳам. Ассанж сутка мобайнида 23 соат ёлғизликка маҳкум, у билан учрашувлар тўхтатилган.

“Кучсиз жисмоний ҳолат Жулиан сингари яна кўплаб саломатлиги жойида бўлмаган маҳбусларни жуда қийин аҳволга солиб қўйган. Ўйлашимча, мабодо дуч келадиган бўлса, улар коронавирус касаллигини енгиб ўта олмайдилар“, — дейди Моррис.

Аввалроқ суд Ассанжни саломатлиги туфайли ва коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжудлиги боис қамоқхонадан чиқаришни рад этганди. Бунга сабаб сифатида унинг шартли равишда озодликда қолиш тартибларини бузганлиги ва адолатни суддан яширинганлиги кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ассанж 2010 йил Швецияда жинсий зўравонликда айбланган ва 2012 йил июнь ойида Скандинавия мамлакатига экстрадиция қилинишидан хавфсираб, Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан паноҳ топган. 2019 йил 11 апрель тонгида у АҚШ сўровига биноан ҳибсга олинди. Лондон суди Жулианни гаров эвазига озодликка чиқиш қоидаларини бузганликда айбдор деб топиб, 11 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жиноятчини экстрадиция қилиш масаласи бўйича эшитувлар ўтган йилнинг 2 майида бошланган. Шундан бироз ўтиб, АҚШ Ассанжга нисбатан хоинлик, махфий ахборотларни фош этиш сингари жами 17 та ҳолатни ўз ичига олган янги айбловларни эълон қилди. Агар АҚШга топшириладиган бўлса, Ассанжни 175 йиллик қамоқ жазоси кутмоқда.

1 485
ЎзА