ЎзА Ўзбек

16.07.2018 22:00 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар ҳокимиятни ағдармоқчи бўлди....ми?

Ҳарбийлар ҳокимиятни ағдармоқчи бўлди....ми?
Бундан икки йил муқаддам, 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳеч ким ухламади, десак, асло янглишмаган бўламиз. Тарихда бир неча бор мамлакат сиёсий ҳаётига аралашган Туркия армияси яна бир бор ҳарбий тўнтариш қилишга уринди. 

Анқара ва Истанбулда ўқ овозлари эшитилди. Шаҳарлар кўчаларида ҳарбий патруллар пайдо бўлди. Аэропортлар беркитилди. Ҳарбий тўнтаришга уриниш ташкилотчилари маҳаллий телеканал орқали берган баёнотида демократияни ҳимоя қилиш асосий мақсадлари эканлигини урғулашди. Улар қонун устуворлиги сақланиб қолиниши, халқаро алоқалар ўзгармаслигини ваъда қилишди. Ҳарбийлар эндиликда мамлакатни “Тинчлик Кенгаши” бошқаришини таъкидлашди. Дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланишига ваъда беришди. Улар тез орада янги конституция қабул қилиниши борасида баёнот бердилар. 

Дам олишда бўлган президент Ражаб Тайип Эрдўғон фуқороларга “FaceTime” видеоалоқаси орқали мурожаат қилар экан, кўчаларга чиқишларини ва шу тариқа демократияни муҳофаза қилишга чақирди. У вазият барқарорлашмагунга қадар одамлар уйларига қайтмасликлари кераклигини таъкидлаб ўтди. 

Ҳарбийлар Истанбулдаги Босфор бўғозидаги кўприкларни эгаллаб олишди. Шунингдек, инфратузилма иншоотлари, ҳукумат бинолари, жумладан, Истанбулдаги халқаро аэропорт ва ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг биноси ҳарбийлар қўлига ўтгани ҳақида хабар тарқатилди. Давлатга қарашли телеканал кўрсатувларини намойиш қилиш тўхтатилди. Бош вазир Бинали Йилдирим маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилар экан, юз бераётган ҳодисаларни ҳарбий тўнтаришга уриниш, дея баҳолади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида комендантлик соати жорий қилинди. 

Орадан кўп ўтмай, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасида тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Интернет хабарларида танклар Анқарадаги парламент биносини қуршаб олгани ҳақида ахборот тарқатилди. Давлатга тегишли TRT миллий телерадиокомпанияси биносига бир нечта ракета келиб тушгани маълум қилинди. Президент саройи ўққа тутилгани борасида ҳам хабарлар тарқатилди. Шундан сўнг Туркиянинг йирик шаҳарларида президентнинг минглаб тарафдорлари кўчаларга чиқди. Президент Эрдўғон Истанбул халқаро аэропортида журналистлар олдида пайдо бўлди ва илк баёнот билан чиқди. У жиноятчилар шафқатсиз тарзда жазога тортилишини таъкидлади. Халққа қилган мурожаатида президент ҳарбий тўнтариш иштирокчиларини сотқинлар ва Ватан хоинлари деб атади. Эрдўғон мамлакат оккупантлар қўлига тушиб қолмаслигига одамларни ишонтирди. Президент ўз сўзида Қуролли Кучлар таркибида кескин тозалашлар ўтказилишига ваъда берди. 

Ҳукумат расмийларининг айтишича, ҳарбий тўнтариш ортида ёзувчи ва жамоат арбоби Фатҳуллаҳ Гулен бошчилигидаги “Хизмат” деб номланмиш ҳаракат турган. Маълумки, айни дамда АҚШда истиқомат қилиб келаётган Гуленга нисбатан Туркияда бир нечта жиноий иш очилган. 

Армия, одатга кўра, Туркияда сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиб келади. Ҳарбий қўмондонлар шу тариқа дунёвий давлат асосчиси Камол Отатурк меросини сақлаб қолишга интилаётганларини айтиб келишади.Турк Жумҳурияти ташкил этилган даврдан бери ҳарбийлар тўрт марта ҳокимиятни ўз қўлларига олишга интилишган. 

1960 йилнинг 27 май куни генерал Жамол Гурсел раҳбарлигида юқори лавозимли зобитлар томонидан ташкил этилган Махфий қўмита буйруғига биноан президент Маҳмуд Жалол Баяр, бош вазир Аднан Мендерес, ҳукмрон Демократик партия вакилларидан иборат ҳукумат аъзолари ҳибсга олинди. Ҳокимият бошқаруви Жамол Гурсел бошчилигидаги Миллий Бирлик қўмитаси қўлига ўтди. Кейинчалик ҳукумат раҳбарларининг ҳаммаси трибунал томонидан суд қилинди. Бош вазир Мендерес қатл этилиб, Баяр умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди (1966 йилда тўлалигича оқланди). Демократик партия тарқатиб юборилди. 

1971 йилнинг 12 март куни Мамдуҳ Тагмач раҳбарлигидаги ҳарбий қўмондонлар 1965 йилдан бери ҳукуматни бошқариб келаётган Сулаймон Демирелни ҳокимиятдан четлаштирди. 

Маълумки, воқеалардан бир неча кун аввал ҳарбийлар Демирелга меморандум топшириб, унда демократик ҳукумат тузишни талаб қилган эди. Бироқ бош вазир бу талабни бажармаган. Шундан кейин ҳокимиятга келган ҳарбийлар конституцияга ўзгартиш киритиб, армия ролини мустаҳкамлаб қўйишди. Матбуот ва касаба уюшма фаолияти чекланди. Ҳарбий тўнтариш бўлишига қарамай, парламент тарқатиб юборилмади. Ниҳат Ерим бошчилигидаги янги ҳукумат ҳарбий қўмондонлар чизиб берган чизиқдан чиқмади. Сулаймон Демирелга ҳеч қандай айб қўйилмади. 
Кейинчалик у тўрт марта (1975-1977, 1977-1978, 1979-1980, 1991-1993 йилларда) бош вазир, 1993 йилдан 2000 йилгача президент лавозимларни эгаллашга муваффақ бўлди. 

1980 йилнинг 12 сентябрь куни генерал Кенан Эврен (Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи) ўзининг тўрт нафар ҳаммаслаги билан Сулайман Демирел бошчилигидаги ҳукумат ағдариб ташлангани борасида баёнот билан чиқишди. Ҳарбийлар томонидан Миллий Хавфсизлик кенгаши тузилди. Ҳукумат ва парламент тарқатиб юборилди, сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари фаолияти тақиқланди. Мамлакат конституциясининг фаолияти тўхтатилди. 

1997 йилнинг 28 февраль куни ҳарбийлар Меморандум қабул қилди. Унда Мустаффо Камол Отатурк ташкил қилган дунёвий давлат асослари сақланиб қолиши таъкидланади. Ҳарбийлар талаби билан исломий Партия раҳбари Нажмиддин Эрбакан истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Ҳарбийлар парламентни тарқатмаслик, конституция фаолиятини тўхтатмасликка қарор қилишди. 

Туркия Қуролли кучлари ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, ҳарбийлар сони бўйича жаҳонда 8 ўринда, НАТОга аъзо мамлакатлар орасида эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Туркия армияси Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий денгиз кучлари, Ҳарбий Ҳаво кучларидан иборат. Қуролли можаролар бошлангудек бўлса, Ички ишлар вазирлиги таркибидаги жандармерия ва соҳил қўриқчилари ҳам армияга бўйсунади. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
7 999