ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

"Apple" яна дунёдаги энг қиммат компанияга айланди

"Apple" яна дунёдаги энг қиммат компанияга айланди

Американинг ушбу корпорацияси капиталлашуви 1,77 триллион долларга етди. Бу аввал биринчи ўринда бораётган "Saudi Aramco" нефть компаниясиникидан ҳам қиммат деганидир.

Кеча кечга бориб Apple акцияларининг қиймати 6,51 фоизга ошган, натижада компаниянинг капиталлашуви 1,77 триллион долларни ташкил этган. Бу пайтда "Saudi Aramco" компаниясининг капиталлашуви тахминан 1,76 триллион долларни ташкил этган.

Саудия Арабистонининг ушбу компанияси 2019 йил декабрда қарийб 2 триллион долларга баҳоланган эди. Ўшанда "Apple" кўрсаткичлари атиги 1,2 триллион долларни қайд этган. Энди эса, "Apple Saudi Aramco" ни иккинчи ўринга тушириб, ўзи дунёдаги энг қиммат компанияга айланди.

Жума куни Apple бошқа юқори технология билан шуғулланадиган компаниялар қатори чораклик якунлари бўйича ўзининг молиявий ҳисоботини эълон қилди. 2019-2020 молиявий йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича компаниянинг кўрган соф даромади 12 фоизга ошган.

Apple 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, шахсий ва планшетли компьютерлар, аудиоплеерлар, телефонлар, «ақлли соатлар» ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

"Saudi Aramco" эса Саудия Арабистонининг миллий нефть компанияси. У 1933 йилда ташкил этилган бўлиб қароргоҳи Дахранда жойлашган. Компания мамлакатнинг қарийб барча нефть қазиб олиш қувватини назорат қилади.

1 905
ЎзА