ЎзА Ўзбек

22.02.2019 Чоп этиш версияси

Apple 17-ўринга тушиб кетди

Apple 17-ўринга тушиб кетди

Fast Company агентлиги бу йил ҳам анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган дунёнинг энг илғор 50 инновацион компаниялари рўйхатини эълон қилди. 2018 йилда биринчи ўринни эгаллаган Apple бу сафар 17-ўринга тушиб кетган. 

Рейтингга кўра, 2019 йилнинг февраль ойида дунёнинг энг илғор инновацион компанияси сифатида Хитойнинг хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи (меҳмонхоналар ва кинозалларига чипта бронлаштириш ва таом етказиш) Meituan Dianping технологик фирмаси эгаллаган. Фирма 2018 йил давомида 2800 шаҳарнинг 350 миллион аҳолисига 33,8 миллиард долларлик хизмат кўрсатган. 

Энг яхши бешталикка Сингапурнинг Grab, NBA, The Walt Disney Company компаниялари ва Stitch Fix электрон савдо хизмати ҳам кирган. Square, Oatly, Twitch, Shopify ва Alibaba Group Apple дан юқорилаб кетган. “Олма” компаниясининг 2018 йилдаги энг яхши маҳсулоти сифатида A12 Bionic чипи эътироф этилган. 2017 йилда унинг энг яхши маҳсулотлари сифатида iPhone X, Apple Watch Series 3, ARKit қурилмалари тан олинган эди. 

Fast Company рейтинги мингдан ошиқ компаниялар вакиллари иштирокида бизнес, маданият ва барча соҳаларда ижобий таъсир кўрсатган йилнинг энг яхши инновацион лойиҳасини аниқлашга ўтказилган сўровнома асосида тузилади. Apple бу йил фақатгина “Маиший электроника” бўлимида етакчилик қилиб, Google, Microsoft ва Dellни ортда қолдирган. 

2 724
Г.Азимова, ЎзА​​