ЎзА Ўзбек

28.08.2020 Чоп этиш версияси

АФВ: Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган шахс озодликка чиқди

АФВ: Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган шахс озодликка чиқди
У қамоққа тушган куниёқ Конституцияни варақлади. Чунки узундан-узоқ сўроқлар, суд пайтида унга “конституциявий тузумга тажовуз қилгани”ни бот-бот такрорлашган. Шу онларда эса у бунинг моҳиятини ҳатто тушунмаган...

– Мактабда Конституция бўйича таълим беришган бўлса ҳам бу китобни қўлимга олиб жиддий ўқиб кўрмагандим, – дейди суҳбатдошим. – Уни қайта-қайта ўқир эканман, унда ёзилган ҳеч бир қоидага нисбатан менда на эътироз, на қаршилик йўқ эди. Шу маънода менга динга қизиққаним, айрим диний оқимга шунчаки хайрихоҳ бўлганим учун жуда оғир жазо берилди, деб ўйлардим. Чунки қўлим қонга ботмаган, ҳеч бир экстремистик оқимга қўшилмаган бўлсам ҳам 17 йилга озодликдан маҳрум этилдим. Шу хайрихоҳлигимдан воз кечиб, хатоимни тушунганимни айтиб, ота-онам олдида ҳалол меҳнат қилишни хоҳлаб юқори ташкилотларга жуда кўп марта мурожаат қилганман. Аммо мурожаатларимга бирор марта ҳам жавоб олмадим.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида туғилиб ўсган Сарвар Бобоназаров қамоқда эканида бирин-кетин ота-онаси вафот этди. Суянч тоғларидан айрилган йигит ҳаётдан умидини узиб, тақдирга тан бериб, кейинчалик ҳеч кимга мурожаат қилмай ҳам қўйди.

Кунлардан бирида эса у телеэкран орқали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг диний айбловлар билан қамалган ёшлар аслида жамиятнинг, айниқса, маҳаллалардаги ёши катталар, масъулларнинг хатоси эканини, улар ўз ҳолига ташланмаганида адашмаган бўлар эди, деган фикрларини эшитиб қолди. Шу онда Сарвар Президент айнан ўзи ҳақида гапираётганини чуқур ҳис қилди. Қалбида нимадир чирт этиб узилгандек бўлса-да, умид учқуни алангасида буни сезмасликка ҳаракат қилди.

У ишонч билан қўлига қалам олиб, Президентга афв этишини сўраб мурожаат ёзди.

Сарварнинг ишончи бежиз эмас экан. Куни кеча давлатимиз раҳбари имзолаган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармон билан афв этилганлар ичида Сарвар Бобоназаров ҳам бор эди.

Хушхабарни эшитган Сарварнинг қувончи олдида панжара ортида ўтган 13,5 йил умри ҳеч нарса эмасди, гўё. Чунки барчаси ортда қолаётган эди.

– Эндиги ниятим ҳалол меҳнат қилиб фақат олға интилиш, – дейди Сарвар. – Йўқотган йилларимнинг ўрнини тўлдиришим учун ҳам шундай қилишим керак. Энг муҳими, Президентимизнинг менга билдирган ишончини оқлашим керак.

Алоҳида эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг афв этишга оид фармони энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида эълон қилингани инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор ва юксак бағрикенглик намунаси бўлди.

Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 1 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 2 нафарини чет давлат фуқароси, 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтди. Ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун масъул вазирлик ва идоралар уларга кўмак беришга киришди.

Сарвар Бобоназаровни ҳам нафақат яқин қариндошлари, балки маҳалла фаоллари, ҳудудий ҳокимлик ва ички ишлар органи масъуллари уйида кутиб олиш билан бирга кейинги ҳаётини қандай давом эттириши бўйича ҳам мулоқот қилишди. Унинг ижтимоий ҳимояси, ишга жойлашиши бўйича масъуллар ёрдам кўрсатади.

5 247
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА