ЎзА Ўзбек

13.05.2020 Чоп этиш версияси

Афғонистондаги терактлар ортида ким турибди?

Афғонистондаги терактлар ортида ким турибди?

Кеча Кобул шаҳрида касалхонага уюштирилган ҳужум оқибатида 24 киши ҳалок бўлди. TOLO news телеканалининг маълум қилишича, қурбонларнинг 22 нафари аёллар, бир нафари полициячи ва яна бири террорчи бўлган.

Ҳужум 12 май куни тонгда содир этилган. Дастлаб касалхонага кириш жойида портлаш юз берган, кейин қуролланган одамлар бинога бостириб кирган. Бино ичидан отишма ва портлаш овозлари эшитилган.

Касалхонага уюштирилган ҳужумдан ташқари яна Нангархар вилоятида полиция бошлиғини дафн қилиш маросимида ҳам теракт содир этилган. Вилоят губернатори вакили Атолла Хогиянининг маълум қилишича, портлаш натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 68 киши жароҳат олган. Бу ерда ҳам касалхонадагидек террорчи ўзини портлатган. Франс Пресс ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушбу ҳужум учун жавобгарликни ислом давлати террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жангариларнинг касалхонага ҳужумини қаттиқ қоралаган. “Бош котиб мамлакатда зўравонликлар авж олаётганини ташвиш билан кузатиб турибди. Балх, Хост ва Нангархар вилоятларида ҳам ўнлаб тинч аҳоли вакиллари жангарилар ҳужуми қурбони бўлди“, – дейилади Бош котиб офиси сайтида берилган баёнотда.

Ушбу терактлардан сўнг Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатдаги барча куч ишлатар идораларга “Толибон” ҳаракатига қарши курашни кучайтиришни буюрди.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Ашраф Ғанининг ушбу буйруғига муносабат билдирар экан, Москва Афғонистондаги террорчилик ҳужумини қаттиқ қоралашини таъкидлади. Шу билан бирга Афғонистон Президентининг толибонларга қарши курашни кучайтириш ҳақидаги буйруғи мамлакатдаги сиёсий кучлар ўртасидаги мулоқотга тўсқинлик қилиши мумкинлигини ҳам қайд этди.

Унинг таъкидлашича, толибонлар ушбу терактга алоқаси йўқлигини маълум қилган. “Толибонлар учун бундай даҳшатли терактларни амалга оширишдан маъни йўқ, ислом давлати жангарилари учун эса бор, улар мамлакатда вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда“, деган россиялик дипломат. Замир Кабулов Афғонистон ҳукумати курашни ислом давлати жангариларига қарши қаратиши лозимлигини таъкидлаган.

2 134
ЎзА