ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистондаги президентлик сайлови тафсилоти

Афғонистондаги президентлик сайлови тафсилоти

Афғонистонда давом этаётган сайловларда Ашраф Ғани президентликка асосий даъвогар сифатида қайд этилмоқда. Шунингдек, Бош вазир Абдулла Абдулланинг ғолибликни қўлга киритиши эҳтимоли юқори экани таъкидланади.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси маълумотига кўра, мамлакатдаги 901 та сайлов участкалари билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаяпти, дейилади “Aljazeera” хабарида.

Tolo News телеканалининг қайд этишича, Афғонистон мустақил сайлов комиссияси котибияти раҳбари Ҳабиб ар-Раҳмон мамлакатнинг Бадахшон, Тахар, Қундуз ва Бағлон вилоятларидаги сайлов марказлари билан алоқа ўрнатиш имкони бўлмаётганини билдирган.

Шунингдек, 17 вилоятдаги 464 сайлов участкаси, етарли сайлов материалларига эга бўлмагани учун эса 33 овоз бериш марказлари ёпилган.

Айрим ҳудудларда сайловчиларни рўйхатга олиш тизимида носозлик

Шахло исмли сайловчи Кобул-Парван туманидаги Надерий мактабида жойлашган сайлов участкаси ходимлари унга овоз беришга рухсат беришмаганини таъкидлайди.

“Сайлов учун борганимда, овоз берувчилар шахсини аниқловчи тизим мени аллақачон овоз берганимни қайд этди. Шу боис жараёнда иштирок этшга рухсат беришмади. Бундай бўлиши мумкин эмас. Агар сайловда иштирок этган бўлсам, нега қолган иштирокчилардек бармоқ изларим олинмаган?“, дейди Шахло маҳаллий нашрларга берган интервьюсида.

Ғарбий Кобулда ҳаммаси рисоладагидек

Мустафо Азизий (сайловчи)нинг маълум қилишича, у Ғарбий Кобулдаги Челсетон мактабига овоз бериш учун борганида сайлов билан боғлиқ ҳеч бир муаммога дуч келмаган.

“Ҳаммаси рисоладагидек кечди. Овоз бериш жараёнида ҳеч бир муаммога дуч келмадик“, дейди Мустафо Азизий.

Масъуллар кечиккани учун овоз бериш жараёни тўхтатиб турилди

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси ходимлари Ҳиротда бироз кеч қолишди. Бу эса овоз бериш ишларининг белгиланган вақтдан бир соат ўтиб бошланишига сабаб бўлди.

Қандаҳордаги сайлов участкасида портлаш, 15 киши жароҳатланган

Қандаҳорнинг Жанубий шаҳрида, сайлов бошланганидан бир неча соат ўтиб, портлаш содир бўлган.

“Сайлов участкаси ёнида юз берган портлаш оқибатида 15 киши турли даражадаги тан жароҳати олди“, дея шаҳар шифохонаси раҳбари Найматулла сўзларини келтиради “Aljazeera”.

Сайловда иштирокчилар талабидан келиб чиқиб, овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан соат 17:00 гача узайтирилди.

5 628
ЎзА