ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини қисқартириш борасидаги музокаралар давом этмоқда

Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини қисқартириш борасидаги музокаралар давом этмоқда

Оқ уй маъмурияти Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида келишувга эришиш мақсадида икки йилдан бери толиблар билан музокара олиб бораётганига қарамай АҚШ президенти Дональд Трамп “Толибон” ҳаракати билан мулоқот тўхтатилганини эълон қилди.

Президент 8 сентябрь куни Кэмп-Дэвид қароргоҳида толиблар етакчилари ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан бўлиб ўтиши кутилган учрашувни бекор қилганидан сўнг Трампнинг баёноти янгради. Бу учрашувда Оқ уй 18 йилдан бери Афғонистонда бўлиб турган Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида ҳар икки томоннинг розилигини олишга ҳаракат қилмоқчи эди. Айни дамда бу ердаги Америка қўшинларининг сони тахминан 14 минг ҳарбий хизматчидан иборат.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай толиблар ўзларининг сайтларига музокараларнинг тўхтатилиши Қўшма Штатларнинг ўзига зарар келтириши борасидаги огоҳлантиришни жойлаштирдилар. АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Кеннет Маккензи душанба куни баёнот бериб, Афғонистондаги Америка ҳарбий контингенти тез орада мамлакатда толибларнинг эҳтимолий террор фаоллигига қарши ҳаракатларини кучайтиришини маълум қилди.Қатар пойтахти Дохада АҚШ маъмурияти билан музокаралар олиб борилаётганига қарамай толиблар сўнгги вақтларда ҳужумларни кучайтирмоқда. Ўтган ҳафта шу каби ҳужумлардан бирида Қобулда америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Ўтган ҳафтада эришилган Келишув лойиҳасига кўра яқин ойларда Вашингтон 5000 га яқин америкалик ҳарбий хизматчини олиб чиқиши, бунинг эвазига Афғонистон Қўшма штатлар ва унинг иттифоқчиларига қарши террор ҳужумлари учун база сифатида фойдаланилмаслиги борасида кафолат олиши керак.

Афғонистондан Америка қўшинларини бутунлай олиб чиқиш Трампнинг 2016 йилги президентлик кампаниясининг устувор ташқи сиёсати эди ва президент баёнот бериб ўз администрацияси ҳамон қўшинларини тўлалигича олиб чиқиш масаласи устида бош қотираётганини айтди.

Дохада бўлиб ўтган толиблар ва Америка маъмурияти вакиллари ўртасидаги музокараларда иштирок этмаган Афғонистон президенти Ашраф Ғани душанба куни баёнот бериб яна бир бор ярашишга даъват қилди, унинг фикрича толиблар ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувга амал қилиши керак. Аммо улар бу келишувни ҳамон бажармаяпти.

Афғонистонда Америка ҳарбий контингентининг тақдири ҳамон ноаниқ бўлиб қолмоқда. Трамп Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини 8600 нафаргача қисқартириш ниятида эканлиги айтиб ўтди.

2 688
ЎзА