ЎзА Ўзбек

30.07.2020 Чоп этиш версияси

Афғонистонда тинчлик музокаралари бошланиши мумкин

Афғонистонда тинчлик музокаралари бошланиши мумкин

Экспертларнинг таъкидлашича, охирги кунларда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга доир воқеалар қизғин тус олмоқда.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани шу кунларда берган баёнотига кўра, яқин вақт ичида Кобул барча ҳибсга олинган толибларни озод қилишни якунлайди ва шундан сўнг бир ҳафта давомида «Толибон» ҳаракати билан тўғридан-тўғри музокаралар бошланишини интизорлик билан кутади”. Бундан ташқари, Ашраф Ғани «Толибон»ни дарҳол кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузишга даъват этди.

28 июль куни «Толибон» ҳаракати Қурбон ҳайити байрами муносабати билан уч кун ўт очишни тўхтатишини маълум қилди. «Толибон» ўз жангчиларини афғон кучларига ҳужум қилмасликка ва ҳукумат томонидан назорат қилинадиган шаҳар ва вилоятларга кирмасликка даъват этди.

Бундан аввал ҳам «Толибон» икки маротаба – 2018 йил июнда ва 2020 йил май ойида уч кун ўт очмаслигини эълон қилган эди.

Президент Ашраф Ғани «Толибон» раҳбариятининг ушбу қарорига жавобан афғон кучларига уч кун давомида ўт очмасликка риоя қилиш ва «ярашиш жараёнини бузмаган тақдирда» толибларга қарши ҳар қандай операциялардан тийилиш ҳақида буйруқ берган. Афғонистон расмий вакили С.Сиддиқий ҳукумат номидан толибонларнинг ўқ отишни тўхтатиш ҳақидаги қарорини қутлар экан, афғон халқи ўқ отишнинг давомли тўхтатилишини ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳамда «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланишини исташини таъкидлаган.

АҚШ ва НАТО Кобул билан «Толибон» ўртасида ўт очишнинг вақтинча тўхтатилишини қутлади. Қўшма баёнотда АҚШ махсус вакили З.Халилзод, АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий қўшинлари қўмондони С.Миллер ва АҚШ муваққат ишлар вакили Р.Уилсон томонлар асирлар алмашиш бўйича мажбуриятларини бажариши ва яқин вақт ичида Афғонистондаги сиёсий кучларнинг музокаралари бошланишига умид билдирди.

Шимолий Атлантика иттифоқи ҳам Кобул билан «Толибон» ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланишига умид билдирди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод тинчлик музокараларини тиклаш мақсадида 24 июлдан Афғонистон, Болгария, Норвегия, Покистон ва Қатарга сафар қилмоқда.

“Tolo News” агентлиги хабар беришича, сафар олдидан З.Халилзод АҚШ «Толибон» билан битимнинг биринчи босқичи бўйича ўз мажбуриятини бажаргани – қўшинлар сонини 8 минг 600 кишигача қисқартириб, 5 та ҳарбий базани бўшатганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олган, аммо қўшинларни олиб чиқиб кетишнинг давом эттирилиши «Толибон» томонидан эришилган келишувларнинг ижро этилишига боғлиқ бўлади.

З.Халилзоднинг ушбу баёнотини толибонларнинг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари А.Барадар шундай шарҳлади. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлигига берган интервьюсида у қайд этдики, ҳозирги пайтгача АҚШ билан тинчлик битимининг амалга оширилиши ижобий баҳоланмоқда. Аммо хорижий қўшинлар Афғонистонни жадвалга мувофиқ тарк этмас экан, «Толибон» «зарур қарорларни қабул қилади».

Экспертларнинг фикрича, «Толибон» шу йўл билан АҚШ махсус вакили Залмай Халилзоднинг сафарига таъсир кўрсатмоқчи. Шуниси аҳамиятлики, қўшинларни олиб чиқиб кетиш чўзилган тақдирда келиб чиқадиган оқибатлар ҳақидаги хабарни толиблар Эрон ОАВ орқали жўнатмоқда. Маълумки, АҚШнинг ушбу давлат билан муносабатлари бирмунча мураккаб.

А.Барадарнинг шуни ҳам қайд этдики, «Толибон» ва АҚШ ўртасида махфий битим мавжуд эмас. Аввалроқ АҚШ ҳукуматидаги манбаларга таянган ҳолда Америка ОАВ томонлар ўртасида махфий битим борлиги тўғрисида хабар берган эди.

Афғонистон Президентининг қайд этишича, Афғонистон ҳукумати кучли позицияга таянган ҳолда толибонлар билан музокараларга киришади. Кобул мамлакатдаги давлат бошқаруви шакли бўйича бирон-бир муросасозликка йўл қўймайди. Шунингдек, музокаралар давомида мамлакат миллий хавфсизлик кучларининг обрўсизлантирилишига йўл қўйилмайди.

Айни пайтда «Толибон» етакчиси Х.Охунзода ҳам Афғонистондаги бўлажак ҳукумат бошқарувчи шакли масаласига тўхталган. У байрам муносабати йўллаган мактубида таъкидлашича, «Толибон» мамлакатда яккаҳокимликка интилмайди. Унинг сўзларига кўра, афғонлар ҳақиқий ислом ҳукумати яратилиши арафасида турибди.

Умуман, тинчлик жараёни иштирокчиларининг фаоллашуви Афғонистонда ички музокаралар бошланиши эҳтимоли юқори эканидан далолат бермоқда. Аввал толиблар барча асирлар озод қилинганидан сўнг музокаралар «Ид ал-Адҳа» байрамидан сўнг бошланиши мумкинлигини маълум қилганди. Шу нуқтаи назардан, Ашраф Ғанининг ҳибсга олинган 500 толибонни озод қилишга розилик бериши яқин вақт ичида Кобул ва «Толибон» музокаралари бошланишига умид уйғотади.

1 776
ЎзА