ЎзА Ўзбек

14.09.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой биринчи контейнер поезди йўлга тушди

Афғонистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой биринчи контейнер поезди йўлга тушди

Жорий йил 11 сентябрь куни Кобул шаҳридаги “Арг” саройида Афғонистондан Хитойга Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали биринчи контейнер поезди йўлга қўйилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати. Унда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, ҳукумат аъзолари, парламентнинг иккала палатаси депутатлари, Афғонистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этишган.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Афғонистон транспорт вазири Яма Яри мамлакатда транспорт коридорларини ривожлантириш ва афғон маҳсулотларини Хитойга экспорт қилиш режалари тўғрисида сўзлади. У Ҳайратон портидан Хитойга 41 вагонлик биринчи контейнер поездининг муваффақиятли юборилишини олқишлади. Вазирнинг таъкидлашича, темир йўл транспортининг йўлга қўйилиши Афғонистон экспортини бир неча маротаба кўпайтиради ва шу билан бирга товарларни ташиш ва етказиб бериш вақтини камайтиради.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўз нутқида иштирокчилар эътиборини Афғонистон ўзининг ноёб географик жойлашуви туфайли Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида боғловчи бўғин эканлигига қаратди. “Бугун Афғонистон учун тарихий кун, у экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш йўлига ўтмоқда”, – деди Афғонистон раҳбари.

Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг минтақадаги юклар транзити, транспорт ва коммуникация йўналишларини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва Афғонистон юкларининг Хитойга транзит қилинишига кўмаклашгани учун республика раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирди. “Мен қадрдон дўстим Президент Шавкат Мирзиёевга Афғонистонни тиклаш ва ривожлантириш йўлида мамлакатимиз халқи ва ҳукуматига кўрсатаётган ёрдам учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман”, - деди Ашраф Ғани.

2019 йил 12 сентябрь куни Кобул политехника университетида “Афғонистоннинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ўрни” мавзусидаги конференция ўтказилди. Унда Афғонистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

3 623
ЎзА