ЎзА Ўзбек

12.01.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистон ташқи ишлар вазири билан учрашув

Афғонистон ташқи ишлар вазири билан учрашув

12 январь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Салоҳиддин Раббоний “Ҳиндистон─Марказий Осиё” мулоқотининг биринчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун нуфузли делегация бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрди.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасида кечган мулоқотда ҳамкорликнинг барча йўналишларида икки томонлама муносабатларни ривожланишидаги ижобий ўзгаришлар юқори баҳоланди. Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон─Афғонистон мулоқоти икки мамлакат раҳбарларининг кучли сиёсий иродасига асосланганлиги алоҳида таъкидланди.

Афғонистон ТИВ раҳбари Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини изчил қўллаб-қувватлаш, шунингдек, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва кадрлар тайёрлашдаги ёрдами учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди.

Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлигини тасдиқладилар.

Музокараларда ўз ишини бошлаш арафасидаги “Ҳиндистон─Марказий Осиё” мулоқотининг вазирлар учрашуви кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Унда Афғонистон делегациясининг иштироки алоҳида аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Афғонистоннинг минтақадаги иқтисодий, транспорт ва бошқа инфратузилма лойиҳаларга жалб этилиши афғон халқига кўп йиллик қуролли можароларга тинч муқобил йўл мавжудлигини ҳис этиш имконини беради.

Учрашувда вазирлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

6 142
ЎзА​​