ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистон сиёсий етакчилари президентлик сайловида иштирок этди

Афғонистон сиёсий етакчилари президентлик сайловида иштирок этди

Миллионлаб афғонистонликлар сингари сиёсий етакчилар, жумладан, амалдаги Президент Ашраф Ғани ва Бош вазир Абдулла Абдулла мамлакатда учинчи бор ўтаётган президентлик сайловларида иштирок этиб, номзодларга овоз берди.

Президент Ашраф Ғани ушбу муҳим воқелик муносабати билан исёнчиларнинг таҳдидларига қарши курашган ва овоз бериш жараёнларида иштирок этаётган афғон халқига мурожаат билан чиқди.

“Мен барча афғон халқига демократияга содиқлиги, ривожланаётган ва суверен Афғонистонга бўлган садоқати учун миннатдорлик билдираман. Сизларнинг сайловларда иштирок этишингиз Конститутция тарафдорлари эканингиздан далолат. Сайловлар мамлакатдаги демократик тизим давомийлигини белгилайди“, деган Президент Кобулдаги Аманий мактаби биносида ташкил этилган овоз беришда.

Шунингдек, Ашраф Ғани сайловларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатаётган мамлакат хавфсизлик ва мудофаа кучларига, овоз беришда қатнашаётган хотин-қизларга ҳам ўз ташаккурини етказди, дейилади Tolo News хабарида.

Мамлакат Бош вазири, айни пайтда президентликка номзод Абдулла Абдулла ҳам муҳим сиёсий воқеликда иштирок этди. У ўз мурожаатида “Толибон“ томонидан таҳдидларга берган жавоби ҳақида эслатиб ўтган.

“Таҳдидларга қарамасдан, сайловларда овоз бериш учун келган Афғонистон халқига чексиз ҳурмат кўрсатишни истаймиз. Мен бир фуқаро сифатида Толибларга қуйидагини яна бир бор таъкидлашни истардим: “Таҳдидингиз ва бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиши бу – сизнинг олдингизга қўйган мақсад эмас“.

Иккинчи вице-президент Муҳаммад Сарвар Даниш овоз бериш чоғида афғонистонликларни сайловларда фаол иштирок этишга чақирган.

Сайловлардаги шикоятлар бўйича мустақил комиссия раҳбари Зухра Баян Шинварий хонимнинг таъкидлашича, ўтаётган сайловлар демократик тамойилларга асосланган Афғонистон келажагини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Президентликка сайловлар мамлакат ҳудудларида ҳам давом этяпти. Нангархарда хавфсизлик нуқтаи назаридан мавжуд 456 та сайлов участкасидан 61 таси ўз фаолиятини ташкил қилмаган.

“Биз фуқароларимизга ҳеч нимадан ташвишланмай ўз овозларини беришлари мумкинлигини таъкидламоқчимиз. Аҳоли эрта тонг бўлишига қарамасдан сайлов участкаларига кела бошлаганидан мамнунмиз“, дея Нангархар хавфсизлик кучлари юқори мартабали мулозими сўзларидан иқтибос келтирилади Tolo News хабарида.

3 503
ЎзА