ЎзА Ўзбек

26.09.2019 Чоп этиш версияси

Афғонистон электр энергияси тизимида юзага келган носозликларга нима сабаб бўлмоқда?

Афғонистон электр энергияси тизимида юзага келган носозликларга нима сабаб бўлмоқда?

Ёдингизда бўлса, 15-16 сентябрь кунлари Афғонистондаги электр узатиш тармоқлари (тармоқ устунлари) жангарилар томонидан портлатилгани ҳақида хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалган эди. 

Ушбу хабарларга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизмати қуйидагича жавоб берган эди: мавжуд шартномага асосан Афғонистон Ислом Республикасига узилишларсиз электр энергияси етказилиб берилмоқда (1 суткада тахминан 1,5 млн. КВт.соат), бироқ 2019 йил 14 сентябрь соат 14:00дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган электр энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй берди, бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги қайд этилган, дея хабар беради “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизмати.

Номаълум сабабларга кўра, 24 сентябрь соат 17:00 лар атрофида узатиш қувватида қисқа муддатли узилишлар пайдо бўлиб, тахминан 17:40 ларда тармоқда яна юклама пайдо бўлган. Аммо...

Аммо орадан ярим соат вақт ўтгач, мавжуд қувват даражаси меъёрдагисидан қарийб 4,5 марта пасайиб кетган ва бу ҳолат ҳанузгача давом этмоқда.

Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинаётган электр энергияни қабул қилиш жараёнида айнан қандай носозликлар содир бўлгани ҳақида афғонистонлик мутахассислар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга расмий изоҳ билдиришмади.

Маълумот ўрнида, электр узатиш тармоқлари, яъни ҳаво линияларининг таянч устунларига етказилган зарар, уларни таъмирлаш ишларини ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида ўзи амалга оширади.

Юзага келган носозликлар афғон энергетиклари — “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) томонидан тез орада бартараф этилиб, электр энергияси экспорти белгиланган тартибга мувофиқ давом эттирилади, деган умиддамиз.

4 187
ЎзА