ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

Абэ G7 томонидан Олимпиада қўллаб-қувватланишига эришди

Абэ G7 томонидан Олимпиада қўллаб-қувватланишига эришди

“Катта еттилик” етакчилари видеоконференция шаклидаги мулоқот давомида Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг коронавирус ер юзи бўйлаб кенг тарқалаётганига қарамай, навбатдаги Олимпиадани ўтказиш лозимлиги тўғрисидаги фикрини қўллаб-қувватладилар. Томошабинлар иштирокидаги ўйинлар, кунчиқар юрт ҳукумати вакилларининг эътирофича, “COVID-2019 устидан қозониладиган ғалаба рамзи”га айланади.

ТАСС ахборот агентлиги Япония Ташқи ишлар вазирлигининг қуйидаги баёнотини келтирган: “Бош вазир Олимпия ўйинларини инсоният томонидан янги коронавирус енгиб ўтилишининг исботи тарзида ўтказилишини хоҳламоқда. Бу борада у G7 кўмагига, қўллаб-қувватлашига таянади”.

“Катта еттилик” (G7) давлатлари раҳбарлари навбатдаги видеоконференция шаклидаги мулоқот якуни бўйича қабул қилинган баёнотда жаҳон иқтисодиётидаги ўсиш суръатининг янги коронавирус пандемияси бошланган пайтдаги ҳолатини яна тиклаш учун бор кучларни ишга солишга ваъда бердилар. Етакчилар касалликнинг тарқалишига қарши биргаликда кураш олиб боришга келишиб олдилар. Бу борада энг таъсирчан усуллардан бири чегаралардаги назоратни кучайтириш экани бир овоздан эътироф этилди.

Токиода Олимпия ва Паралимпия ўйинлари белгиланган вақтларда ўтказилиши мумкинлигини таъкидлашяпти. Бунинг устига мусобақаларнинг томошабинларсиз ўтиши ҳақидаги ғоя мутлақо рад қилинмоқда.

Албатта, японларнинг масалага бундай ёндашуви сабаблари тушунарли. Мабодо, ўйинлар кўчириладиган ёки мухлисларсиз ўтказиладиган бўлса, мезбон мамлакат мисли кўрилмаган даражада улкан молиявий зарар кўради. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат ЯИМ ўсиш даражаси манфий кўрсаткичга қараб шўнғиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бундай вазиятда Халқаро Олимпия Қўмитаси бюджети ҳам, телевизион трансляциялардан тушадиган даромадлардан маҳрум бўлиш ҳисобига, жиддий салбий таъсирга учрайди. Бу ерда гап бир неча ўнлаб миллиард доллар ҳақида кетяпти. Шунинг учун ҳам ХОҚ президенти Томас Бах март ойи бошида барча спортчиларни “тўлиқ ишонч билан, дадил қадамлар билан” олдинга, Олимпиада сари юриш, яъни тайёргарликни давом эттиришга чақирганди.

1 521
ЎзА