ЎзА Ўзбек

12.10.2018 11:32:45 Чоп этиш версияси

АҚШнинг йирик банки “Oppenheimer” Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи (видео)


АҚШ молия ва бизнес маркази Нью-Йоркда асосланган “Oppenheimer” сармоя банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, мамлакатга 1,2 миллиард долларлик кредит беришга келишиб олган. “Америка Овози”га бу борада ушбу банк ижроия директори Фарҳод Иногамбаев маълум қилди.

ВАШИНГТОН. Навбаҳор Имомова 
ЎзА учун махсус

Ўтган ҳафта “Oppenheimer” делегацияси Ўзбекистон пойтахтида музокаралар олиб борди. Меҳмонлар юқори лавозимли расмийлар, жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов билан мулоқот қилган, шунингдек, турли идоралар ва банкларнинг раҳбарлари ҳамда бизнес доираларнинг вакиллари билан учрашди. Иногамбаевнинг айтишича, унинг банки Ўзбекистонда бир неча йирик таклифлар билан борган. Уолл-Стритда жойлашган “Oppenheimer” кредит беришдан ташқари, республиканинг молиявий рейтингини оширишда ва банк тизимларини ривожлантиришда ёрдамлашиш истагида.

“Банк Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳам ишлайди. Лекин, унинг компанияси “Ўзбекистонга Марказий Осиёнинг маркази” сифатида қарайди, дейди Иногамбаев.

Хўш, “Oppenheimer”ни мамлакат нимаси билан ўзига тортмоқда? Сармоя самара бериши мумкин, дея ўзига жалб этаётган омиллар нима? Кредит ажратиш, сармоя олиб кириш жараёни қандай кечади?

2007 йилда Нью-Йоркдаги нуфузли Колумбия университетини битирган Иногамбаев 10 йилдирки, Уолл-Стритда ишлайди, “Oppenheimer” банкида эса саккиз йилдан бери. Иногамбаев учун 15 йилдан ортиқ хорижда юриб Ватанга етакчи банкир ва молиявий мутахассис сифатида қайтиш ва ҳамкорлик қўлини чўзиш қандай кечди ва кечмоқда?

Суҳбатдошимизга кўра, у сингари сармоя ва капитал оламида фаолият юритадиган ватандошлар ва элатдошлар Ўзбекистондаги жараёнларни қизиқиш билан кузатмоқда ва ҳамкорликка мойил.

“Ўзбекистон ҳозирги курсдан қайтмаслиги ва олдинга қадам ташлайвериши керак. Хорижий бизнес ва сармоя оқимини таъминлайдиган асосий шарт шу”, дейди Иногамбаев. Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳозир янги даврда яшамоқда, бироқ тараққий этиш учун аввало молиявий жиҳатдан оёққа туриб олиши зарур. Бу йўл эса ҳамиша машаққатли, дейди у.

Банкир билан мулоқот тўлиқ ҳолда видеода.