ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

АҚШнинг Афғонистон бўйича навбатдаги қарори нимани англатади?

АҚШнинг Афғонистон бўйича навбатдаги қарори нимани англатади?

Россия Федерацияси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Осиё иккинчи департаменти раҳбари Замир Кабулов АҚШ давлат котиби Майка Помпеонинг Афғонистонга кўрсатилаётган молиявий ёрдам бир миллиард долларга қисқартирилиши хусусидаги сўзларини Россия ушбу мамлакатга босим ўтказиш воситаси сифатида қабул қилиш мумкинлигини билдирган.

Ёдингизда бўлса, бу ҳақда Помпео ҳафта бошида, Афғонистонга сафаридан сўнг, аниқроғи "инклюзив ҳукумат" тузиш тўғрисидаги келишув барбод бўлгач баёнот берганди.

"Босимнинг айни воситаси ҳар икки томонга, яъни Помпео яраштира олмаган Ашраф Ғани ва Абдулла Абдуллага қаратилган. Афтидан, улар билдирилган таклифларни қабул қилишмаган. Демак, бу ўзига хос тутақиш ифодаси". – Кабуловнинг бу сўзларини келтиради “РИА Новости”.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, АҚШ томонидан танланган йўл қанчалик тўғри эканлигини фақат келажак кўрсатади.

Кабуловнинг таъкидлашича, Россия ТИВ ўз навбатида Афғонистон Ислом Республикасидаги барча масъул сиёсий кучлар вакилларини келишмовчиликларни четга суриб қўйиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан умумий қабул қилинган маъмуриятни шакллантиришга чақиради.

Бундан ташқари Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг, Помпео айтганидек, Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишда давом этишини қўллаб-қувватламоқда. Кабулов ўз сўзларига қўшимча қилиб, Қўшма Штатлар АҚШ ва Толиблар ўртасида Доха шаҳрида эришилган келишувлар асосидаги мажбуриятларини бажаришда давом этиши "ақл билан иш тутиш" эканини айтган.

Аввалроқ Помпео Қатар пойтахтида "Толибон" радикал ҳаракати сиёсий идораси вакили ва ҳаракатнинг бош келишувчиси мулла Бародар Охунд билан учрашганди. Ўшанда томонлар АҚШ ва "Толибон" ўртасида келишувни амалга ошириш ва зудлик билан асирларни озод қилиш масаласини муҳокама қилишган эди. Қолаверса, АҚШ давлат котиби Қўшма Штатлар Афғонистондан ўз қўшинларини "белгиланган муддатларда" олиб чиқишда давом этишини ваъда қилганди.

АҚШ ва Афғонистондаги "Толибон" ҳаракати жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарда тинчлик битимини имзолаган. Мазкур ҳужжат америка қўшинларининг афғон заминидан олиб чиқиб кетилиши ва ички афғон мулоқоти бошланишини назарда тутади.

Томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, АҚШ 135 кун мобайнида Афғонистондаги ҳарбийлари сонини 12 мингдан 8,6 минг кишига камайтириши зарур. Шундан кейин, агар толиблар зўравонлик ҳаракатларини тўхтатадиган бўлса, Америка ва НАТОга қарашли барча кучлар 14 ой давомида мамлакатни тарк этади.

Қисқаси, ушбу битим "доимий ва ҳар томонлама ярашув"ни кўзда тутади. "Толибон" ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги келишувлар ички афғон мулоқоти доирасида олиб борилади. Мазкур мулоқот йўлга қўйилгач, "Толибон" БМТ Хавфсизлик кенгаши билан ўз аъзоларини санкциявий рўйхатлардан чиқариш бўйича ҳамкорликни бошлайди. Бу воқеалар 2020 йилнинг май ойи охирларига бориб рўй бериши мумкин.

Дарвоқе, хабарда АҚШ томонидан толибларнинг ўққа тутилиши тинчлик битими қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланган.

1 078
ЎзА