ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

АҚШда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммити якунлари муҳокама қилинди

АҚШда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммити якунлари муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси масъуллари АҚШда рўйхатдан ўтган Туркий кенгашга аъзо давлатлар дипломатик миссия раҳбарларининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммити якунлари муҳокамасига бағишланган онлайн-маслаҳатлашувда иштирок этди.

Эслатиб ўтиш жоиз, жорий йил 10 апрелда бўлиб ўтган мазкур саммит “COVID-19”га қарши кураш масаласи давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилинган илк онлайн-платформа сифатида тарихда қолади.

Учрашувда Туркий кенгаш бош котиби Бағдод Амреев, Озарбайжон элчиси Элин Сулейманов, Туркия элчиси Сердер Қилич, Қозоғистон элчиси Ержан Қазиханов, Қирғиз Республикаси элчиси Болот Отунбаев, шунингдек Туркманистон дипломатик миссияси раҳбари Мерет Оразов қатнашди.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги дипломатик миссияси раҳбари Жавлон Ваҳобов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш, касалликнинг иқтисодиётга салбий оқибатларини юмшатиш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида сўзлаб берди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилганТуркий кенгашнинг ЖССТ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, эпидемиологик мониторинг тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тажриба ва илмий тадқиқотлар натижаларини алмашиш учун эпидемиологлар ва бошқа экспертлар иштирокида онлайн-маслаҳатлашувлар ўтказиш, пандемияга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш, алоҳида маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек маҳсулотлар ва юкларни узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун транспорт вазирликлари бошчилигидаги ишчи гуруҳни ташкил этиш каби муҳим ташаббусларни тезроқ имплементация қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Маслаҳатлашув чоғида Кенгаш бош котибининг Ташкилот жорий кун тартибидаги ва Котибиятнинг навбатдан ташқари саммитда давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишдаги устувор вазифалари тўғрисидаги ахбороти тингланди. Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган ҳамкорлик чораларини кўриш, эпидемиологик мониторинг механизмларини яратиш, маълумотлар ва тиббий тадқиқотлар натижаларини алмашиш, шунингдек товарлар ва юклар, айниқса озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро йўлаклар орқали узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.

Бош котиб Б.Амреев Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга тўлақонли аъзо бўлиб кириши ва Будапештда Европа офиси очилиши ташкилотнинг дастлабки ўн йиллик босқичи муваффақиятли шаклланишини таъминлаб, тузилманинг янада кенгайиши ва чуқурроқ интеграциялашувига замин яратганини таъкидлади.

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг ЖССТ ва Туркий кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи жуда муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббус бўлди, - деди Ташкилот бош котиби. Унинг айтишича, мазкур ташаббусни амалга ошириш учун ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесусга икки ташкилот ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш таклиф этилди.

Бағдод Амреевнинг сўзларига кўра, яқин кунларда навбатдан ташқари саммит давомида давлат раҳбарлари томонидан белгилаб олинган вазифаларни бажариш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирлари, шунингдек Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг миграция хизматлари раҳбарлари иштирокида видеоконференция ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Онлайн-учрашув якунларига кўра, жаҳонда эпидемиологик вазият изга тушиши билан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреевнинг АҚШга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.


2 245
ЎзА