ЎзА Ўзбек

14.04.2020 Чоп этиш версияси

АҚШда коронавирус сабабли эълон қилинган чекловларни бекор қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда

АҚШда коронавирус сабабли эълон қилинган чекловларни бекор қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда

Дональд Трамп ўзининг маъмурияти томонидан АҚШда коронавирус сабабли жорий қилинган чекловларни бекор қилиш бўйича режа ишлаб чиқилаётгани ҳақда маълум қилди.

"Мен ушбу масалани жамоам ва етакчи экспертлар билан кўп муҳокама қилдим. Биз мамлакатни очиш бўйича режани ишлаб чиқишни якунлашга жуда яқин турибмиз. Умид қиламанки, муддатидан олдин... Тез орада штат губернаторларига янги ва жуда муҳим тавсияларни тақдим этамиз. Мақсад улар ўз штатларини хавфсиз оча олсин", — деди Оқ уй раҳбари матбуот анжуманида.

"Мамлакат очилади, у муваффақият билан очилади. Яқин кунларда биз нима ва қандай бўлиши ҳақда тушинтирамиз ", — қўшимча қилди президент.

Унинг таъкидлашича, карантинни бекор қилиш масаласини айнан давлат раҳбари ҳал қилади. "Ушбу масалада президент ваколати мутлоқ", — деди Трамп.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатда коронавирусга чалинганлар ва вафот этганлар сони кундан кунга пасайиб бормоқда, бу эса АҚШда эпидемия чўққиси ортда қолганини билдиради.

Миллий аллергия ва инфукция касалликлари институти раҳбари Энтони Фаучининг таъкидлашича, мамлакат ёппасига эмас, балки босқичма-босқич очилиши мумкин.

Жонс Хопкинс Университети маълумотларига кўра, ҳозиргача АҚШда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 582 мингта ҳолат қайд этилган, 23 минг 604 киши вафот этган. Ушбу кўрсаткич бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринда турибди.

Шу билан бирга, мамлакатда “коронавирус” ташхиси билан вафот этганлар сони қаторасига тўртинчи кундирки, пасайиб бормоқда. Ўтган жума куни вафот этганлар сони 2 минг кишидан ошган эди, шундан кейин бу борада пасайиш кузатилмоқда.

3 221
ЎзА