ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

АҚШда Boeing 737 MAX самолётининг синов парвозлари бошланди

АҚШда Boeing 737 MAX самолётининг синов парвозлари бошланди

АҚШ фуқаролар авиацияси федерал бошқармаси (FAA) ҳамда Boeing компанияси душанба куни 737 MAX йўловчи самолётининг синов парвозларини бошлашди. Синов уч кун давом этади.

"FAA ва Boeing қатор сертификацион парвозларни амалга оширади. Синов жараёнида 737 MAX парвозларини автоматик назорат қилиш тизимида айрим ўзгартиришлар киритиш мўлжалланган. Кутилишича, синовнинг биринчи кунида парвоз бир неча соат давом этади. Биз сертификацион парвозларни уч кун давом эттирамиз", - дейилади хабарда.

737 МАХ парвозлари иккита шундай авиалайнернинг қулаб тушгани сабабли АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда тўхтатиб қўйилганди. 2019 йил март ойида Ethiopian Airlines компаниясига қарашли Boeing 737 МАХ самолёти бортида 157 киши билан ҳалокатга учраган эди. 2018 йил октябрь ойида Индонезиянинг Lion Air компанияси ихтиёридаги худди шундай ҳаво кемаси қулаб тушди. Ўшанда 189 йўловчи қурбон бўлганди.

2019 йил октябрь ойида JATR (Joint Authorities Technical Review) халқаро экспертлар гуруҳи 737 MAX самолётини синаш даврида жуда кўп нарсалар ҳисобга олинмаганини аниқлашди.

Самолёт ҳалокатидан кейин 20 га яқин мамлакат ушбу ҳаво лайнери учун ўз ҳудудини ёпиб қўйди. АҚШ Федерал авиация бошқармаси ушбу моделдан фойдаланишни тақиқлади.

2 111
ЎзА