ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

АҚШ ядро қуроли синовини бошлаш масаласини кўриб чиқмоқда

АҚШ ядро қуроли синовини бошлаш масаласини кўриб чиқмоқда

АҚШ ҳукумати 1992 йилдан буён илк бор ядро синовини амалга ошириш имкониятини муҳокама этди, деб ёзади The Washington Post газетаси.

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятига яқин бўлган манбадан маълум қилинишича, ушбу масала ўтган жума куни миллий хавфсизликнинг олий органлари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган мажлисда муҳокама қилинган. Мазкур мажлис Оқ уйда Россия билан Хитой томонидан унчалик кучли бўлмаган ядро бомбалари яширин тарзда синаб кўрилаётгани ҳақидаги хабар пайдо бўлгандан кейин чақирилди. Аммо ушбу ядро синовлари ҳақида далиллар келтирилмаган.

Учрашувда мораторияни бузиш ҳақида бир тўхтамга келинмади, муҳокама давом этмоқда. Газетанинг ёзишича, АҚШ ядро синовини тез фурсатда ташкиллаштириш имкониятини Россия билан Хитойга намойиш қилса, бу ядро қуролларини назорат қилиш бўйича уч томонлама музокараларда Оқ уй учун фойдали бўлиши мумкин.

Яна бир манбада мажлис якунида Россия билан Хитой таҳдидига жавоб чораларини кўришга қарор қилинган, бироқ ядро синовини қайтадан бошлаш мақбул кўрилмагани айтилади.

1996 йилда БМТ Бош ассамблеясида ядро қуроллари синовини ҳар томонлама тақиқлаш бўйича шартнома имзоланган эди. Ушбу ҳужжатни имзолаган мамлакатлар ҳавода, коинотда ва сув остида ядро синовларини ўтказмаслик шартини қабул қилган.

3 261
ЎзА