ЎзА Ўзбек

11.02.2019 14:12 Чоп этиш версияси

АҚШ ва Россия Венесуэла борасидаги позицияларини намойиш қилди

АҚШ ва Россия Венесуэла борасидаги позицияларини намойиш қилди

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашига Венесуэла борасидаги ўз лойиҳасини тақдим қилди.

АҚШ ўз лойиҳасида асосан, Венесуэлага етказилаётган халқаро ёрдамни ҳукумат мамлакатга киритмаётганлиги ва президентлик сайловларида Венесуэла хавфсизлик кучлари томонидан қуролсиз ва тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ва ҳаддан ташқари куч ишлатиш каби ҳолатларга қарши курашишни ёқлаб чиққан.

“АҚШ Миллий Ассамблеяни Венесуэладаги ягона демократик институт сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлайди“, дейилади Қўшма Штатлар қарорида.

Бунга жавобан Москва муқобил резолюция лойиҳасини ишлаб чиқди ҳамда Венесуэланинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига таҳдид қилмаслик лозим, дея таъкидлади.

Россия ўз лойиҳасида “Венесуэла ички юрисдикциясига кирадиган масалаларга аралашиш“ни қаттиқ танқид қилди.

АҚШ Венесуэла мухолифати лидери ва мамлакатнинг муваққат ҳукумати раҳбари Хуан Гуайдонинг халқаро тан олиш кампаниясига ҳомийлик қилмоқда.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Президент Мадуро режимини қўллаб-қувватлаётган Россия АҚШнинг қарорини бекор қилиш учун вето ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.​

ЎзА
1 686