Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 11:59 Чоп этиш версияси

АҚШ ва Хитой савдо уруши: Ва ниҳоят музокара!

АҚШ ва Хитой савдо уруши: Ва ниҳоят музокара!
АҚШнинг алюминий ва пўлатга бож киргизиши Хитой норозилигига сабаб бўлди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги савдо зиддияти чуқурлаша борди. Дастлаб Қўшма Штатлар ўз маҳсулотларининг интелектуал ҳуқуқлари Пекин томонидан бузилаётганини рўкач қилиб, Хитойнинг 1,3 минг номдаги товарига импорт божлар миқдорини оширди. Шу йўл билан Америка Хитой билан кўп миллиардлик савдо дефицитини камайтиришга эришмоқчи эди. 

Бундан ташқари АҚШ президенти ХХР маҳсулотларига қўйиладиган импорт божлари миқдорини 100 миллиард долларга ошириш имкониятларини аниқлаш бўйича кўрсатма ҳам берди. Бунга жавобан Хитой Давлат кенгаши Қўшма Штатларнинг 106 номдаги маҳсулотига 25 фоизлик импорт божини киритиш бўйича қарор қабул қилди. Яқинда эса Дональд Трамп импорт божларининг йиллик миқдори 150 миллиард долларга чиқиши мумкинлигидан Хитойни огоҳлантирди. Бунга Пекин таҳдидга яраша жавоб бўлиши, савдо зиддиятида ғалабагача боришини маълум қилди. 

Икки давлат ўртасидаги савдо урушининг ана шундай авж нуқтасида АҚШ президенти ва ниҳоят музокара йўлини танлаган кўринади. 

РИА Новостининг хабар беришича бугун Дональд Трамп ўз “Twitter”ида АҚШ делегацияси савдо музокараларини олиб бориш учун Хитойга борганини маълум қилган.

“Бизнинг ажойиб жамоамиз Хитойда. Улар савдода бир ҳил “ўйин қоидалари”ни келишиб олишга ҳаракат қилади. Яқин келажакда ХХР Раиси Си Цзиньпин билан яна ҳамжиҳат бўлишни кутаман. Бизнинг муносабатларимиз ҳамиша яхши бўлиб келган” деган у. 

АҚШ Ва ХХРнинг савдо борасидаги музокаралари Пекинда бугун бошланиб, эртага ҳам давом этади.

Аввалроқ Америка делегацияси сафида молия вазири Стивен Мнучин, савдо вазири Уилбур Росс, давлат раҳбари ёрдамчилари Ларри Кудлоу ва Питер Наварро, АҚШнинг Хитойдаги элчиси Терри Брэнстед кабилар борлиги, Хитой делегациясига ХХР Давлат кенгаши раҳбари Лю Хэ бошчилик қилиши маълум бўлганди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрелида ўтказилган матбуот анжуманида ХХР тижорат вазирлигининг расмий вакили Гао Фен АҚШ ўртадаги савдо баҳсларида Хитой билан ҳеч қандай музокараларни олиб бормаётгани, Оқ уй бу борада хоҳиш-истакларини намоён ҳам қилмаганини иддао қилган эди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
15 175