Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2018 12:08 Чоп этиш версияси

АҚШ ва Хитой савдо уруши: Пекин зарба беришга тайёр

АҚШ ва Хитой савдо уруши: Пекин зарба беришга тайёр РИА Новостининг ёзишича, ХХР Тижорат вазирлигининг расмий вакили Гао Фен Пекин Вашингтонга зарба беришга тайёрлигини маълум қилган.

“АҚШ ўртада юзага келган савдо баҳсларида Хитой билан ҳеч қандай музокараларни олиб бораётгани йўқ, ҳалигача Оқ уй бу борада хоҳиш-истакларини намоён ҳам қилмаган”, деган Гао Фен матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра томонлар Жаҳон савдо ташкилоти доирасида музокаралар ўтказиши мумкин эди. Аммо бу ерда АҚШ ЖСТнинг кўп томонлама савдо тизими тартибларига бўйсунадими, деган масала ҳам бор. Боиси Американинг савдо-сотиқ борасида Хитойга қилаётган иддаолари мазкур ташкилот шартларига мутлақо тўғри келмайди.

Шунингдек, Гао Фен, агар АҚШ ўз билганидан қолмай бир томонлама ҳаракат қилишда давом этиб, савдо-сотиқда протекционизм йўлини тутса, Хитой ғалабагача курашишга тайёр эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ўз маҳсулотларининг интелектуал ҳуқуқлари Пекин томонидан бузилаётганини рўкач қилиб, Хитойнинг 1,3 минг номдаги товарига импорт божлар миқдорини оширган эди. Шу йўл билан Вашингтон Хитой билан кўп миллиардлик савдо дефицитини камайтиришни кўзлади. Бундан ташқари АҚШ Президенти Хитойнинг бошқа маҳсулотларига импорт божларини ошириш имкониятларини аниқлаш бўйича кўрсатма берди. Бунга жавобан Хитой Давлат кенгаши Американинг 106 номдаги маҳсулотига 25 фоизлик импорт божини киритиш бўйича қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжат Вашингтон томонидан Хитойнинг бошқа маҳсулотларига ҳам янги божлар қўйилиши эълон қилиниши билан кучга киради. Қарордаги товарлар рўйхатида соя, автомобиллар, самолётлар, кимёвий маҳсулотлар ҳам бор бўлиб, биргина шуларнинг ўзи ўтган 2017 йилда Қўшма Штатларга 50 миллиард доллар олиб келган.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
5 740