ЎзА Ўзбек

25.07.2018 17:30 Чоп этиш версияси

АҚШ ва Евроиттифоқ: бож билан боғлиқ муаммолар барҳам топадими?

АҚШ ва Евроиттифоқ: бож билан боғлиқ муаммолар барҳам топадими?
"Euronews”нинг хабар беришича, бугун Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкернинг учрашуви бўлиб ўтади. 

ОАВнинг аниқлик киритишича, Юнкер АҚШ ва Евроиттифоқ ўртасида бошланган савдо зиддиятини бартараф этиш мақсадида Америкага ташриф буюрган. 

Куни кеча АҚШ етакчиси Твиттерда ўзаро бож ва тарифларни бекор қилиш маъқуллиги, шундагина савдо-сотиқ адолатли, бозор эса эркин бўлиши ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашган эди. Аммо, Трампнинг фикрича, бундай муносабатга ЕИ ҳали тайёр эмас. Буни Америка билан Европа ўртасидаги 151 миллиард долларлик савдо дефицити ҳам кўрсатиб турибди. 

Экспертлар хулосасига кўра, АҚШнинг янги бож сиёсатидан, айниқса, Германия автомобилсозлик саноати зарар кўриши мумкин. Шу боисдан, Европа Америка товарларига қарши чеклов чораларини жорий қилади, деган эҳтимол ҳам йўқ эмас. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 543