ЎзА Ўзбек

11.06.2019 16:35 Чоп этиш версияси

АҚШ Туркия ташқи сиёсатига аралашишда айбланди

АҚШ Туркия ташқи сиёсатига аралашишда айбланди

Америка Конгресси Вакиллар палатасининг куни кеча қабул қилган резолюцияси Анқара ташқи сиёсатига асоссиз аралашувни ифодалайди ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончга путур етказади. 

РИА Новостининг ёзишича, бугун Туркия ташқи ишлар вазирлиги шу ҳақда баёнот берган.

Қайд этилишича, АҚШ Конгресс вакиллари тасдиқлаган резолюцияга кўра, Туркия Россиянинг С-400 зенит ракеталари мажмуаларини сотиб олгудек бўлса, Оқ уй Анқарага қарши санкциялар жорий этишга тайёр туриши лозим. 

“АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси резолюцияси мамлакатларимиз ўртасидаги ишончга путур етказади. Ушбу ҳужжатдаги Туркия ташқи сиёсатига асоссиз ва адолатсиз аралашув номаъқулдир. Санкциялар, таҳдидлар ва икки томонлама муносабатларга тўсқинлик қилишга тайёргарликни кўзда тутувчи қарорга йўл қўйиб бўлмайди”, дейилган баёнотда.

Аввалроқ, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон АҚШ раҳбари Дональд Трампга С-400 бўйича ишчи гуруҳи тузишни яна бир марта таклиф қилган эди. Шу билан бирга Анқара С-400 ни сотиб олиш режасидан воз кечмаслиги, июль ойида зенит ракеталарининг биринчи партияси мамлакатга етказилишини ҳам маълум қилган. 

ЎзА
2 004