ЎзА Ўзбек

14.05.2020 Чоп этиш версияси

АҚШ суди россиялик Тюрин иши бўйича ҳукмни 21 июлга қолдирди

АҚШ суди россиялик Тюрин иши бўйича ҳукмни 21 июлга қолдирди
Нью-Йорк штати жанубий округи суди хакерликда ва тармоқ фирибгарлигида айбланаётган Россия фуқароси Андрей Тюриннинг иши бўйича суд жараёни муддатини ўзгартирди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати “РИА Новости”га маълум қилган.

Аввалроқ ҳукм чиқариш куни сифатида 19 май санасига белгиланганди.

“Ҳукм чиқариш 21 июль соат 11:00 га кўчирилди“, — деган агентлик суҳбатдоши.

Маълумки, гумондор АҚШ сўровига биноан, Грузияда 2017 йилнинг декабрида қўлга олинган ва 2018 йил сентябрда АҚШга топширилган. 2019 йилнинг сентябрида у айбловнинг 6 та банди бўйича иқрор бўлган. 

АҚШ суд тизими ҳужжатлари электрон базасида қайд этилишича, Тюрин компьютерларни ишдан чиқариш мақсадида тил бириктириш, тармоқ (электрон) фирибгарлиги, интернетда ноқонуний қимор ўйинлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш мақсадида тил бириктириш, тармоқ (электрон) фирибгарлиги ва банк фирибгарлиги мақсадида тил бириктириш, тармоқ (электрон) фирибгарлиги мақсадида тил бириктириш, компьютер фирибгарлиги ва фирибгарлик йўли билан шахсий маълумотлардан фойдаланиш бўйича ўзини айбдор деб тан олган.

Терговнинг таъкидлашича, Тюрин йирик молиявий институтлар, брокерлик фирмалари, янгиликлар агентликлари ва бошқа компаниялар, жумладан “Fidelity Investments”, “E-Trade Financial” ҳамда “Dow Jones & Co” каби тузилмаларга қарши “глобал хакерлик кампанияси“га аъзо бўлган. Прокурор Жеффри Берман аввалроқ Тюрин 80 миллиондан зиёд жабрланувчининг мижозликка доир маълумотларини тўплагани, “бу Америка тарихида бир молиявий ташкилот мижозлари ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ энг йирик миқдордаги ўғирлик“ эканини билдирганди. Тюрин АҚШ ҳукуматига 19,2 миллион доллар тўлаши лозимлиги айтилган.

2 125
ЎзА