ЎзА Ўзбек

04.02.2020 Чоп этиш версияси

АҚШ: республикачилар кокус мажлисларини бошлаб юборди

АҚШ: республикачилар кокус мажлисларини бошлаб юборди

Кеча Айова штатида республикачиларнинг партия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда навбатдаги президентлик сайловига мазкур партиядан номзод сайлаш масаласи кўрилди. Йиғилиш иштирокчилари орасида ўтказилган сўровномада Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Дональд Трамп энг кўп овоз олган.

Душанба куни демократлар ҳам, республикачилар ҳам партия йиғилишларини бошлаб юборганди. Кокус деб аталадиган ушбу учрашувларда партияларнинг келгуси съездларида илгари сурилаётган у ёки бошқа номзодларни қўллаб қувватловчи делегатлар сараланади.
Республикачиларнинг Айова бўлими сайтида берилган маълумотга кўра, овозлар ҳисоб китоби бўйича Трампни партиядошларининг 97,15 фоизи қўллаб қувватламоқда.

Республикачилардан президентлик лавозимига яна бошқа талабгорлар ҳам бор. Улар – Иллинойс штати экс-конгрессмени, радиошарҳловчи Уильям Жозеф Уолш ва Массачусетс штатитининг собиқ губернатори Уильям Флойд Уэлдлардир. Аммо бу икки номзод овоз олиш борасида Трампга яқин ҳам келолмаслиги маълум бўлди. Уларга партиядошларининг атиги 1 фоиздан кўпроғи овоз берган.

Умуман, АҚШда партия фаолларининг илк мажлисини ўтказиш анъанаси 1972 йилда айнан Айова штатида пайдо бўлган эди. Шундан буён мазкур штат ҳар гал сайлов босқичлари бошланганда асосий сиёсий барометр вазифасини бажаради.

1 955
ЎзА