ЎзА Ўзбек

05.04.2018 13:48 Чоп этиш версияси

АҚШ разведкаси: Москва Ким Чен Инни Россияга таклиф этган

АҚШ разведкаси: Москва Ким Чен Инни Россияга таклиф этган
АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Дениел Коутс чоршанба куни журналистлар билан бўлган учрашувда Ким Чен Иннинг Москва томонидан Россияга таклиф этилгани АҚШ разведкасига маълумлигини билдириб, мамлакат махсус хизматлари икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бўлажак учрашувда айнан қайси масалалар муҳокама этилишини билишга умид боғлаётганини билдирган. 

Учрашувда иштирок этган ТАСС мухбирининг ёзишича, Дениел Коутс шунингдек, Ким Чен Иннинг Хитойга ташрифидан сўнг Пекин КХДР билан савдо-сотиқ назоратини сусайтириши ҳақидаги эҳтимолни рад этиб, Хитой бундай ҳолат юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаганини қўшимча қилган. 

Гарчи, АҚШ разведкаси Ким Чен Иннинг Россияга таклиф этилганини тасдиқлаётган бўлсада, жорий йилнинг 28 мартида Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳозирча кун тартибида Россия ва Шимолий Корея саммити ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини маълум қилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жорий йилнинг 25-28 март кунлари Хитойда бўлди. Пекин бу ҳақдаги хабарни ташриф ниҳоясига етгандан сўнг маълум қилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
8 764