ЎзА Ўзбек

29.04.2020 Чоп этиш версияси

АҚШ Ким Чен Ин ҳақидаги миш-мишлар сабабли жосуслик парвозларни амалга оширди

АҚШ Ким Чен Ин ҳақидаги миш-мишлар сабабли жосуслик парвозларни амалга оширди

Ўтган душанба куни Америка-Жанубий Корея ҳарбий ҳаво кучлари икки марта жосус самолётларини ҳавога кўтарган, деб хабар беради “Чосон ильбо” нашри.

Газета ушбу хабарнинг манбасини келтирмаган, лекин парвозлар жами олтита жосус самолёти орқали амалга оширилганини таъкидлайди. Уларнинг учтаси АҚШга қарашли RC-13, E-8C J-STARS ва EO-5C ҳарбий самолётларда амалга оширилган, деб хабар беради РИА новости.

Нашр шунингдек, 27 апрелнинг иккинчи ярмида Осанда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари базасига қайтиб келаётган U-2 жосус самолётининг суратини ҳам намойиш қилди.

Газетанинг ёзишича, айниқса, 2019 йилнинг охиридан бошлаб жосус самолётларидан фаол фойдланилмоқда. Бироқ, куни кеча аввалгилардан ҳам кўп самолёт ҳавога кўтарилган.

Бундан аввал мазкур нашр Американинг жосус самолётлари жорий йил бошидан буён Корея яримороли ҳудудида камида 12 марта парвоз қилганини таъкидлайди. Парвозларнинг ярми апрель ойига тўғри келган.

Кейинги пайтда жаҳон оммавий ахборот воситаларида Шимолий Корея йўлбошчиси Ким Чен Иннинг ўлими ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Қатор нашрлар КХДР раҳбарининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини ёзишмоқда. Расмий Пхеньян эса, уларни ғаразли мақсадда тарқатилган ёлғон хабарлар, деб атади. Шунингдек, Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари давлат раҳбари ҳозирда ҳужжатлар билан ишлаётганини маълум қилган.

4 881
ЎзА