ЎзА Ўзбек

24.05.2020 Чоп этиш версияси

АҚШ Хитойнинг яна 33 та ташкилотига тақиқ эълон қилди

АҚШ Хитойнинг яна 33 та ташкилотига тақиқ эълон қилди

Америка Қўшма Штатлари Савдо вазирлиги санкция киритилган тузилмалар рўйхатига Хитой Халқ Республикасининг 33 ташкилотини қўшиб қўйди. Ушбу корхоналарнинг 9 тасига инсон ҳуқуқларини бузиш, 24 тасига эса АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиш айби қўйилган. Бу ҳақда идоранинг расмий сайтида маълум қилинган.

Вазирлик тушунтириш беришича, мазкур компания ва ташкилотларга энди Америка технологияларидан фойдаланиш, Америка маҳсулотларини идоранинг алоҳида рухсатисиз тўғридан-тўғри ёки воситачилар орқали импорт қилиш ман этилади.

“Бу 9 та ташкилот Хитой томонидан амалга оширилган репрессив кампания давомида инсон ҳуқуқларини бузиш ва суиистеъмол қилиш, шунингдек ўзбошимчалик билан оммавий ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат ва Шинжон-Уйғур автоном туманидаги уйғурлар, этник қозоқлар ва бошқа кам сонли мусулмон гуруҳларини таъқиб қилишда иштирок этган“, — дейилади баёнотда.

Санкциявий рўйхатга ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ҳузуридаги суд экспертизаси институти ва яна саккизта компания киритилган. Хабарда бошқа тузилмалар номма-ном келтирилмаган.

Қолган “24 та давлат ва тижорат корхоналари Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлиги ёки ташқи сиёсати манфаатларига зид келадиган ҳаракатларда иштирок этганлиги учун мазкур рўйхатга қўшилгани“ таъкидланган.

Бу ерда гап Хитой, Гонконг ва Кайман оролларида жойлашган корхоналар ҳақида боряпти. Мазкур тузилмалар “Beijing Cloudmind Technology Co”, Пекин электрон ҳисоблаш фанлари маркази, “Beijing Jincheng Huanyu Electronics” сингари юқори технологиялар ва тадқиқот марказларидир.

Ғарб мамлакатлари ва турли гуманитар ташкилотлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги мусулмон аҳолига нисбатан олиб борилаётган сиёсат учун тез-тез танқид қилиб туради. Бунга расмий Пекин “қайта тарбиялаш марказларида“ уйғурлар яхши иш топиш ва радикал фундаментализм таъсирига тушиб қолмаслик учун зарур бўладиган кўникмаларни олишади, дея жавоб қайтаради. 2018 йил август ойи охирларида БМТнинг Ирқий камситишларни тугатиш қўмитаси экспертлари томонидан тайёрланган ҳисобот-маърузада қарийб 1 миллионга яқин этник уйғурлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги “қайта тарбиялаш лагерларида“ бўлиши мумкинлиги билдирилган. Ушбу маълумотга жавобан, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги уйғурларнинг “қайта тарбиялаш лагерларида“ сақланаётгани исботланмагани ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.

3 069
ЎзА