ЎзА Ўзбек

10.07.2019 Чоп этиш версияси

АҚШ элчиси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги ўзгаришларни қандай баҳолади?

АҚШ элчиси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги ўзгаришларни қандай баҳолади?

Америка қўшма штатларининг Тошкентдаги элчихонасида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм билан танишув конференцияси ўтказилди. 

Конференцияда янги элчи Дэниел Розенблюм ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашди ва ўзидан аввалги фаолият юритган элчига миннатдорчилик билдирган ҳолда Ўзбекистондаги амалга оширишни кўзлаган иш режалари билан таништирди.

Дэниел Розенблюм Ўзбекистондаги фаолиятида эътибор қилажак бешта асосий йўналишларни келтирди. 

Улар:

1. Хавфсизлик борасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

2. Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларида фаол иштирок этиш;

3. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва фаол фуқаролик жамиятини ривожлантиришда фаол кўмаклашиш;

4. АҚШ ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш; 

5. АҚШнинг йирик компанияларининг Ўзбекистонга инвестиция киритишига кўмаклашиш; 

Элчи жаноблари мазкур беш йўналишни санаб ўтар экан, уларнинг ҳар бирини алоҳида шарҳлаб берди. Хусусан, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ижобий натижаларга олиб келишига ишонишини билдирди. 

У АҚШ ҳам ислоҳотлар борасида бир қанча ривожланган давлатлар қатори ўзига хос тажриба ва малакага эга эканлигини таъкидлаган ҳолда Ўзбекистонга суд ҳуқуқ тизими, соғлиқни сақлаш ва таълим йўналишлари бўйича таклиф, маслаҳатлар билан кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Инсон-ҳуқуқлари борасида эса “АҚШ нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам эътиқод, фикр эркинликларини ҳимоя қилишда фаол қатнашиб келади, зарур бўлса, бу борада ўз эътирозларини ҳам билдиради. Чунки инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари АҚШнинг барча давлатлар билан олиб борувчи ташқи сиёсати асосини ташкил этади”, дейди элчи жаноблари. 

Шу ўринда Дэниел Розенблюм инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонда сўнгги икки ярим йил ичида ижобий ўзаришлар бўлганини таъкидлаб ўтди. 

“Август ойининг сўнгги ҳафтасида Самарқандда бўлиб ўтажак “Шарқ тароналари” фестивалида меҳмон, томошабин сифатида қатнашаман. Унда АҚШ давлатидан ҳам миллий йўналишда ижод қилувчи мусиқий гуруҳ иштирок этади. Бу маданий соҳадаги ҳаморликларимизнинг кичик бир мисоли. Мен маданий соҳадаги алмашинувларни ривожлантиришни истардим. Чунки, бу икки халқнинг бир-бирини яқиндан танишишига ёрдам беради”, дейди Розенблюм. 

Элчи жанобларининг сўзларига кўра, бешинчи йўналиш, яъни иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

“Ўзбекистонда тадбиркорликка катта аҳамият қаратилаётгани ва уларга қулай шароит яратилаётгани сабаб Ўзбекистон бозорига америкалик тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини олиб киришида ва фойдали инвестиция киритишида ёрдамлашмоқчиман. Бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган. 

Хабарингиз бор, икки ҳафта олдин АҚШнинг 13 та компанияларидан иборат гуруҳ Тошкентга келди. Улар маҳаллий тадбиркорлар ва давлат органлари вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди. Деярли уларнинг бари менга Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича шароит қониқарли эканлигини билдирди. 

Бир ҳафта илгари йигирма йилдан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган “Honeywell” компаниясининг кенгайтирилган ўқув маркази очилиши маросимида иштирок этдим. Улар Ўзбекистонга нафақат пул, балки иш ўринлари юқори технологиялар ҳамда малака ва билим олиб кирмоқда. АҚШ компаниялари инсон капиталига инвестиция киритишни қўллаб-қувватлайди. Бу инвеестициянинг энг самарали турларидан биридир”, дейди Дэниел Розенблюм. 

“Инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонда сўнгги икки ярим йил ичида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада катта қадам ташлади. Биз эътиқод эркинлиги бўйича ижобий ўзгаришлар рўй берганини, ўз қарашлари туфайли қамоққа олинган бир қанча фуқароларни жазони ўташ жойларидан озод этилганини кузатдик. Шунингдек, мамлакатдан ташқарига чиқиш “ОВИР”лари ҳам бекор қилинди. Буларнинг бари эътиборга молик ўзгаришлардир”, дея фикр билдирди Дэниел Розенблюм. 

2 559
Анора Содиқова, ЎзА