ЎзА Ўзбек

14.05.2020 Чоп этиш версияси

90 ёшли япон аёли – дунёнинг энг кекса геймери

90 ёшли япон аёли – дунёнинг энг кекса геймери
Япония фуқароси Хамако Мори Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Ташкилот сайтида берилган хабарга кўра, у ер юзидаги энг кекса геймер — компьютер ўйинлари иштирокчиси сифатида тан олинди.

Бу нуроний япон онахони 1930 йил 18 февралда таваллуд топган. Ижтимоий тармоқларда жуда машҳур бўлган Хамако Мори 150 мингдан зиёд шахсий обуначига эга. Бу пенсионер аёл 39 йилдирки, мунтазам равишда видео ўйинлар билан шуғулланади.

“Узоқ ҳаёт кечириб, бугун шу ёшга кирганимда ҳар қачонгидан яхшироқ англаб етдимки, видео ўйинларга қизиқиш мен учун энг тўғри танлов бўлган экан. Ҳақиқатан ҳам ҳаётдан чексиз завқ оляпман, бу мени жуда қувонтиради”, – дея тан олади геймер аёл.

Хамако илк бор компьютер атрофида вақтини ўтказаётган болаларни кўриб, ўйинларга қизиқиб қолган. Аввалига у яширинча ўйнай бошлади. Вақт ўтиши билан шунчаки қизиқиш кучли иштиёққа айланди.

Ҳозир Хамако Мори кун давомида 7-8 соат вақтини “Play Station4” билан ўтказади. Унинг энг севимли ўйини – GTA 5. Ойига 4-5 та ўзининг севимли машғулоти билан боғлиқ видео лавҳани ижтимоий тармоққа жойлаштиради. Мухлислари эса тез-тез унга илиқ, ёқимли изоҳлар қолдиришади. Бу кекса ўйинчини янада руҳлантиради.

1 547
ЎзА