ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

2020 йил дунёда нималар кутилади: қўрқувга солувчи иқлим, “Совуқ уруш” элементлари ва кўмакка муҳтож болалар...

2020 йил дунёда нималар кутилади: қўрқувга солувчи иқлим, “Совуқ уруш” элементлари ва кўмакка муҳтож болалар...

2020 йил бизни нафақат муаммоларни ечишга мажбурлайди, балки ўрта ва узоқ муддатли истиқболларни ҳам ўйлашга таклиф қилади. Чунки бунда янги йил бошланишидан ташқари, янги ўн йиллик ҳам бошланди.

Биз 2019 йилни дунёнинг кўп давлатларидаги норозилик намойишлари билан, Доналд Трампнинг нотинч ташқи сиёсатининг янги белгилари билан, лекин иқтисодий инқирозларсиз ортда қолдирдик. 
2020 йилда дунёни нималар кутмоқда? 2020 йилда бизни тенгсизлик ва десинхронизация каби асосий тенденциялари билан ажралиб турадиган контекстдаги ушбу масалалар банд қилади.

ЭЪТИРОЗЛАР ВА ЖАВОБЛАР
2019 йилнинг иккинчи ярми, айниқса дунё мамлакатларидаги фуқаролар норозилиги даражаси бўйича шиддатли бўлди. Аммо 2020 йилда бу норозиликларга қараганда уларга берилиши керак бўлган жавоблар муҳимроқ бўлади. Ўзини кучлироқ ҳис қилган давлатлар янгича яшаш механизмларини татбиқ этадилар ва намойишчиларнинг чарчоқ омилидан фойдаланишга ҳаракат қилмайдилар. 

Бошқа томондан, агар давлатлар ўзини заиф ҳис қилса ва жамиятда кучли ижтимоий бўлиниш бўлса, эътирозларга нисбатан эътироз билан чиқиш ёки репрессиялар хавфи ортади.

ИҚЛИМНИНГ СИЁСИЙЛАШУВИ
2020 йилда иқлим бўйича Киото протоколларининг ўрнига Париж битими кучга киради ва ошкоралик механизмларига асосланиб, мажбуриятни бажармайдиган давлатларга нисбатан ижтимоий босим кучайтирилиши керак. 

2020 йилда иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳаракатининг кучли ёйилишини ва бу нарса ҳаттоки ўта кескин авж олишини кузатишимиз мумкин. Иқлим ўзгаришига қарши кураш, албатта ўз ғолиб ва мағлубларини келтириб чиқаради. Айнан шу ерда ўнг популист сиёсатчилар катта саҳнага чиқиш учун, ҳали ҳам юқори даражада ифлослантирувчи ишлаб чиқариш фаолиятига боғлиқ бўлган аҳоли ёки ҳудудларга қўрқув яқинлигини уқтиришга ҳаракат қилишади. 
Ҳозиргача асосан миграцияга қарши курашга эътибор қаратган кучлар, тобора кўпроқ иқлимий радикализмга мурожаат қилишади ёки бой глобалистларнинг ташвиши сифатида ушбу муаммонинг долзарблигини рад этадилар.

ИҚТИСОДИЁТНИНГ ЭСКИ МУАММОЛАРИ
Глобал иқтисодиётда 2019 йилда режалаштирилган хавотирлардан ҳеч бири 2020 йилга келиб йўқолмади ва бунга капитализмнинг келажаги, рақамлаштириш ва автоматлаштиришнинг иқтисодиётга таъсири, ижтимоий хавфсизлик ва ижтимоий беқарорлик динамикаси ҳақидаги узоқ муддатли муаммолар қўшилиши керак. 

Юқоридаги факторлар ҳисобга олинмаган эскирган иқтисодий методлардан келиб чиқадиган чора-тадбирлар кутилган натижаларни бермайди. Иқтисодиётга бўлган янгича қарашлар ўз сафига кўплаб издошларни жалб қилиши ва кўрсаткичлар бунда қандай бўлади деган мунозаралар кучайиши мумкин.

ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЯНГИ КУЧ ФАКТОРИ СИФАТИДА
2020 йил 5G тармоқлари йили бўлади, биз учун сунъий интеллект ва квант ҳисоблаш соҳасида катта ютуқларни кўрадиган ўн йиллик бошланади. Америка Қўшма Штатлари ва Хитой ўртасида қандайдир технологик G-2 шаклланмоқда ва бунда тарихдаги “Совуқ уруш” нинг янгича элементлари мавжуд. 
Технологик биполяр дунё янги қарамлик ва таъсир доираларини яратади, аммо орқада қолаётган давлатлар орасида бунга қарши реакцияларни келтириб чиқаради. 

Маълумки, ахборот — бу янги турдаги нефть кабидир, чунки ҳозирда у энг қимматбаҳо манба бўлиб, уни эгаллаш учун рақобат мавжуд. Кўпроқ ахборот тўплаган киши, тизимнинг қолган қисмига нисбатан кучли позицияни эгаллайди. Лекин буни энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, ахборот оламида одамларни, уларни фуқаролик билан таъминлаган ўз давлатларидан кўра, йирик информацион технология гигантлари яхшироқ билишади. 
2020 йилда шахсий хулқ-атворга асосланиб маълумотлар йиғишга ихтисослашган ушбу “назорат капитализми” прогноз қилишнинг бизнес модели сифатида тижоратлаштирилади.

АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИДА ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВЛАРИ
2020 йил 3 ноябрь куни америкаликлар ўз президентини сайлашади. Трамп президентлигининг ҳаддан ташқари қўпол хатти-ҳаракати ва нотўғри қарорлари сўнгги уч йил учун халқаро кун тартибини шакллантирди ва 2020 йилда ҳам шундай давом этади. 

Сайлов кампанияси даврида номзодлар ўз эътиборларини асосан ички муаммоларга қаратишларига қарамай, ташқи сиёсат ҳам мунозаралардан четда қолмайди. 2020 йилда ҳам биз Венесуэла ёки Эронга нисбатан янада тажовузкор позицияни, миграция кун тартибидаги қаттиқликни (айниқса Мексикага нисбатан), Исроил экспанционизмини қўллаб-қувватлаш белгиларини ва Хитой билан тижорат можаросини ҳал қилинишини кутишимиз мумкин. 
Бундан ташқари, АҚШдаги сайловлар халқаро майдонда муҳокама қилинадиган яна иккита мавзуни келтириб чиқаради: Трампнинг иккинчи президентлик давридан нималарни кутиш ва Демократ номзод ким бўлишига қараб, ташқи сиёсатда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини.

ЕВРОПА
BREXIT жуда яқин, Макрон ҳужумга ўтди ва Германия 2020 йилнинг иккинчи ярмида ротацион вакиллик лавозимини эгаллайди. Бу янги Европа Комиссиясининг кўпроқ геосиёсий ўйин қилишга берган ваъдасининг устидан чиқиш учун замин яратади. 

2020 йил Европа Иттифоқининг янги кўп йиллик бюджети бўйича музокаралар учун ҳал қилувчи йил бўлади. АҚШ билан муносабатлар ўта салбий нуқтада, Россия ва Туркия билан қарама-қаршилик элементлари кўп жиҳатдан қарамлик ёки ҳатто бўйсуниш муносабатлари билан ўсиб бормоқда, чунки бунда табиий газ ва ноқонуний миграция факторлари мавжуд. Бундай шароитда Брюссел доимгидай ўзини кучли ҳис қиладиган иқлим ўзгариши ва савдо-сотиқ каби масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак.

АФРИКА
Ҳозирда Африка марказий аҳамиятга эга бўлди. Ҳеч ким Африкани унутилган қитъа деб ўйлай олмайди. Ривожланиш ва иқтисодий ўсиш ҳақида гаплашадиган бўлсак, 2019 йилда расман кучга кирган Африка континентал эркин савдо шартномаси механизми 2020 йил 1 июлдан ишлай бошлайди. 
Ушбу эркин савдо зонасини яратиш, буни аллақачон келишиб олган барча давлатлар томонидан ратификация қилингач, натижада мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, Африка ичидаги савдо ҳажми 50 фоизга ошиши мумкин. Бундан ташқари, Африка қитъаси иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатларга эга. 
Масалан, Эфиопияда иқтисодий ўсиш 9% дан ошиши тахмин қилинмоқда. 

Шунингдек, Руанда, Сенегал, Гана, Танзания ёки Кот-дИвуар ҳам бор, уларнинг ҳаммаси 6% дан ошиқ иқтисодий кўрсаткичларга эга. Ушбу рақамларга қарамай, Африканинг заиф томони шундаки, иқтисодий ўсиш, ўсиб бораётган тенгсизлик, атроф-муҳит ва шаҳар муаммоларининг ошиши билан бирга келади. 
Бундан ташқари, қитъанинг асосий иқтисодий ва демографик кучи, Нигерия, 2014 йилдан бери йиллик 3 фоизлик тўсиқни енгиб ўтолмаяпти ва унда қисқа муддатда яхшиланиш истиқболлари йўқ. Иккинчи иқтисодиёт, Жанубий Африка, анемик ривожланиш даражасига эга.

БМТ 75 ЁШДА: НАФАҚАГА ЁКИ ЯНГИЛАНИШГА?
2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми кучга кирганининг 75 йиллиги нишонланади. 2019 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 73/299 сон резолюцияни қабул қилди, унда 75 йиллик юбилейни нишонлаш ва 2020 йил 21 сентябрда давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида юқори даражадаги учрашувни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу тантанани ўтказиш учун аниқ шиор танланди: “Биз хоҳлаган келажак, бизга керак бўладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти”.

Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотига эътибор қаратадиган бўлсак, биз БМТни глобал бошқарув механизми ва иш дастурларини коллектив ишлаб чиқарувчи сифатида кўришимиз керак. 

Хавфсизлик кенгаши янги ислоҳотларга муҳтож. Уни янгилаш зарурлиги тўғрисида консенсус мавжуд, аммо буни қандай амалга ошириш ҳақида эса гап йўқ. Чунки ислоҳотлар калитига эга бўлган мамлакатлар, агар ўзгаришлар юз берадиган бўлса, энг кўп йўқотишларга учрайдиганлардир. Ҳозир, кимдир доимий аъзоларни ишонтира оладиган сеҳрли формулани топишини кутиш керак бўлган вазият ҳавода осилиб қолган. 
2019 йил бошида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш ташкилот аъзоларига хат юбориб, давлатлар фақат тинчликни сақлаш соҳасини ўзи бўйича 2 миллиард доллар қарздорлиги ҳақида огоҳлантирганди. 

Ушбу қарзнинг учдан бир қисми АҚШга тегишли эди. Йил давомида вазият янада ёмонлашди: 64 та давлат ҳанузгача ўз квоталарини бажара олмади, бу эса ташкилотни охирги ўн йилликдаги энг ёмон ликвидлик инқирозига дучор қилиши мумкин. 

Бундан ташқари, ушбу ресурс инқирози инсониятни икки баравар ташвишга солиши керак, чунки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари дуч келадиган фавқулодда вазиятлар янада кескинлашмоқда ва кўпаймоқда. 
БМТ маълумотларига кўра, 2020 йилда дунё бўйлаб 168 миллиондан ортиқ одам гуманитар ёрдамга муҳтож бўлади, бу сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, келгуси йилларда прогноз сезиларли даражада ошади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 60 дан ортиқ мамлакатларда 59 миллиондан ортиқ болаларга ёрдам берилиши керак. Дунё мамлакатларининг буни молиялаштиришга бўлган эҳтиёжни “Барқарор Ривожланиш Мақсадлари” (SDGs) белгилаган 2030 йилдан, ўн йил олдин уч бараварга ошириши кераклиги эса БМТ лойиҳаларининг келажагини соя остида қолдириши мумкин. Умуман олганда, 2020 йил нафақат БМТнинг келажаги, балки Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) каби бошқа кўп томонлама механизмлар муҳокама қилинадиган йил бўлади.

Нурбек АЛИМОВ, 
Халқаро муносабатлар бўйича эксперти


13 520
ЎзА