ЎзА Ўзбек

03.10.2018 15:10:19 Чоп этиш версияси

​200 дан ортиқ аҳоли вакили армияда ​кўнгилли равишда хизмат қилиш истагида​


Душанбе шаҳрида яшовчи 200 дан ортиқ аҳоли вакили кўнгилли равишда Тожикистон пойтахтидаги ҳарбий комиссариатларга келиб армия сафларида хизмат қилиш истагини билдиришди. Бу ҳақда ТР Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимиён маълум қилди.

Тожикистонда амал қиладиган “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга кўра, 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган эркаклар ҳарбий хизматга чақирилади. Кузги чақирув кампанияси 1 октябрь куни бошланди ва ноябрь охирларига қадар давом этади.

Тожикистон мудофаа вазирлиги матбуот котибининг сўзларига қараганда, кўнгиллилар сонининг ошишига армиядаги хизмат шароитларнинг яхшиланиши ҳамда чақирувдагилар ва аскарларга берилаётган имтиёзлар сабаб бўлмоқда.

“Кўнгилли равишда армияда хизмат қилишни истовчилар қаерда хизмат қилишларини ўзлари танлашлари мумкин. Мамлакат олий ўқув юртларида сиртдан таълим олаётган муддатли ҳарбий хизмат аскарларига сессия имтиҳонлари пайтида таътил берилади. Уйланган кўнгилли-аскарлар яшаш жойига яқин ҳарбий қисмда хизмат қилишлари мумкин”, дейди Ориф Нозимиён.​​​