ЎзА Ўзбек

18.08.2018 11:42 Чоп этиш версияси

19 август – Афғонистон мустақиллиги куни

19 август – Афғонистон мустақиллиги куни

Бундан 99 йил илгари, 1919 йил 19 августида Афғонистоннинг ватанпарвар, эрксевар халқи ва ёшлари ялпи қўзғолон орқали кураш майдонига чиқдилар ва мисли кўрилмаган фидокорликлар натижасида Ватан озодлиги ва мустақиллигини қўлга киритдилар. 

Тарих шунга гувоҳлик берадики, Афғонистон заминида Мавлоно Балхий, аллома Сайид Жамолиддин Афғон, Хўжа Абдулла Ансорий, Алишер Навоий каби буюк инсонлар яшаб-ижод этганлар. Афғонистон қадимий тамаддун марказларидан бири сифатида турли йўналишларда ўзини намоён этган, минтақа ва жаҳон илм-фан ва маданияти ривожланишида катта улуш қўшган. Шунингдек, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ва фаол иштирокчиси бўлиб саҳнага чиқди.

Мамлакат миллий байрами – Афғонистон мустақиллиги тикланишининг 99-йиллиги муносабати билан Тошкентда қабул маросими ўтказилди. 

Тадбирда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий нутқ сўзлади: 

“Маълумки, ҳозирги шароитда зўравонлик, терроризм ва экстремизм инсонларга қарши қаратилган ёвуз иллат бўлиб, нафақат азиз Ватанимиз Афғонистон, балки минтақа ва дунё мамлакатларининг асосий муаммоси, деб эътироф этилмоқда. Кўп йиллар давомида Афғонистон ушбу шум иллатга қарши курашда қурбонлик бермоқда. Шу сабабдан Афғонистон жаҳон ҳамжамиятидаги фаол иштироки туфайли халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида турибди”. Жаҳон ҳамжамияти Америка Қўшма Штатлари бошчилигида мазкур хавфли иллатни нобуд этишга киришган ва амалда унга қарши кураш олиб бормоқда, Афғонистон хавфсизлик кучларини мустаҳкамлаш ва ҳукумат фаолиятини яхшилашда ҳамкорлик қилмоқда. Афғонистон ҳукумати ва халқи дўст мамлакатлар кўрсатаётган инсонпарвар ёрдамни қадрлайди ва миннатдорлик билдиради. Шунингдек, Афғонистонда халқаро терроризм ва зўравонликка қарши курашда ўзини қурбон қилганларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдиради. Уларнинг фидокорликларини ёдда тутади, шунингдек, ишончимиз комилки, жаҳон ҳамжамияти Афғонистон унутилиши ва терроризм туфайли содир этилаётган мудҳиш ва аламли ҳодисаларнинг дунё бўйлаб яна тарқалишини истамайди“, деди Афғонистон элчиси.

Унинг сўзларига қараганда, “Афғонистон билан дўст, биродар ва шимолий қўшни мамлакат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги нуфузли ва муҳим мамлакатлардан бири саналади. Бу мамлакат минтақада катта салоҳиятга эга бўлиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, хусусан, терроризм ва гиёҳванд моддаларга қарши курашишда муҳим стратегик ўринга эгадир”.

“Ўзбекистон Республикаси сўнгги йилларда Афғонистон ҳукумати ва халқига давомли ёрдам кўрсатиб келмоқда, азиз мамлакатимизни қайта тиклаш жараёнида фаол иштирок этмоқда, Ҳайратон-Мазори Шариф йўналишида биринчи темирйўл қурилиши, Ўзбекистондан Афғонистонга электр қуввати узатилиши ушбу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир”, дея алоҳида эътироф этди Саййид Шаҳобиддин Темурий. 

Таъкидлаш жоизки, ўтган бир йил давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш, кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида самарали қадамлар ташланди. Ўтган давр мобайнида юқори мартабали ҳайъатларнинг ўзаро сафарлари амалга оширилди, жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Моҳаммад Ашраф Ғани Жаноби Олийлари 2017 йил 5-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф буюрди. Ушбу сафар доирасида икки мамлакат ўртасида хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида 20 дан ортиқ битим, англашув меморандуми, баённома ва шартномалар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонда ўрнатишга бағишланган халқаро конференцияда қатнашиш учун Афғонистон Ислом Республикаси Президенти 2018 йил 26-27 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний Жаноби Олийлари Ўзбекистон Республикасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қобул шаҳрига расмий ташриф буюрди. 

Афғонистон Ислом Республикаси юқори мартабали ҳайъатларининг ўтган олти ой мобайнида Ўзбекистон Республикасига амалга оширган кўплаб сафарлари натижасида 9 та расмий ҳужжат, жумладан темир йўл, электроэнергия, алоқа ва технологиялар, нефть ва газ, стандартлаштириш, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим, меморандум ва шартномалар имзоланди. Умуман олганда, ўтган бир йил ичида икки биродар ва қўшни мамлакат ўртасида хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида 29 та расмий ҳужжат имзоланди. Бу эса икки томонлама алоқаларнинг изчил ривожланиши ва мустаҳкамланишидан далолат беради.

Иккинчи томондан, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида хавфсизлик ва иқтисодиёт масалаларида юқори мартабали Қўшма комиссиялар тузилди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ўтган бир йил ичида Афғонистон ҳукумати ва халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги самарали чора-тадбирларни амалга оширди:

Афғонистон тадбиркорларига қулайликлар яратиш мақсадида Термиз шаҳрида Карго-центр очилди ва ишга туширилди;
Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази очилди ва Афғонистонлик талабаларнинг ўқиши учун 50 фоизли чегирмалар берилди;

Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр қувватининг нархи 2,65 центга камайди;

Афғонистон халқи учун беғараз ва инсонпарварлик ёрдами сифатида 3000 тонна буғдой юборилди;

Сурхон-Пулихумри йўналишида 500 кВт.ли электр узатиш линиясини қурилиши ва Мазори Шариф-Ҳирот йўналишида темирйўл қурилиши бўйича саъи-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, шунингдек, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ва идораларига доимий қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ҳамкорликлар учун Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати номидан чуқур ва самимий миннатдорлик изҳор этаман, деди Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий. 

Шарқда ажойиб нақл бор, “қўшнинг тинч, ўзинг тинч“. Қарийб 40 йилдан буён нотинчликларни бошдан кечираётган афғон халқи жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Жафокаш ўлкада йиллар давомида ҳал этилмай келинаётган инқирозу ихтилофларни бартараф этиш борасида барча кучлар сафарбар этилаётир. Бу борада ён қўшни – жон қўшни Ўзбекистон давлати томонидан Афғонистондаги вазиятни изга солиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳар қанча олқишласак, муболаға бўлмас. 

Тошкентда 26-27 март кунлари мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини тилга олиш жоиз. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилган, бу борада амалий таклифларни илгари сурган эди. Тошкент халқаро конференцияси Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича муҳим сиёсий жараёндир. Унда Афғонистон раҳбари Муҳаммад Ашраф Ғани, бир қатор мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Федерика Могеринининг иштирок этганлиги ҳам афғон диёридаги муаммолар уларни бефарқ қолдирмаётганидан далолат беради. 

Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир, деган масалани илгари сурганлиги диққатга сазовор. Бугунги кунда Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича кўп қиррали ва мураккаб масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда. Афғонистон масаласига бағишлаб кўплаб музокаралар, учрашувлар ўтказилган, бироқ Тошкент анжумани уларнинг ҳеч бирини айнан такрорламайди. Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, Истамбул жараёни каби кўп томонлама муҳокама жараёнлари алоҳида диққатга сазовор.

Афғонистонда 20 га яқин миллат ва элатлар истиқомат қилади. Маълумотларга кўра Афғонистонда ҳозир 3 ярим миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Яқинда ўзбеклар янги сиёсий партияни тузишди. Ўзбеклар орасида вазирлар ва президент маслаҳатчилари ҳам бор. 

Ш. Тўлаганов, ЎзА
6 115