ЎзА Ўзбек

17.06.2019 13:00 Чоп этиш версияси

1 апрелдан бошлаб 273 мингта оила манзилли ёрдам олди

1 апрелдан бошлаб 273 мингта оила манзилли ёрдам олди


Шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб 273 мингта оила умумий қиймати 55 миллиард тенге миқдорида манзилли ёрдам олди. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Бердибек Сапарбаев 15 июн куни маълум қилди.

Ҳар бир оила ўрта ҳисобда 105 минг тенге (272 доллар) олди, дея изоҳ берди амалдор.

Қозоғистонда кўп болали оналарнинг ҳукуматга илгари сурган талаблари орасида турар жой билан таъминлаш, ижтимоий нафақаларни ошириш, болаларга бепул таълим бериш ва тиббиёт хизматларини кўрсатиш ҳам бор.

21 февраль куни Қозоғистоннинг ўша вақтдаги Президенти Нурсултон Назарбоев аҳоли билан ишлай олмаган ҳукуматни танқид қилган ва бош вазир Бақитжан Сагинтаев бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқарган эди.

27 февраль куни “Нур Отан” партиясининг сеъздида Назарбоев кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг ҳар бир фарзанди учун бериладиган манзилли ёрдамни 21 минг тенгегача кўтаришни топширган эди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги апрель ойидан бошлаб кўп болали ва кам таъминлаган оилаларга янги мезонлар асосида нафақалар берилишини эълон қилди. Ҳукуматнинг баёнот беришича, айни дамда мамлакатда турар жой билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш йўлида турли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

ЎзА
1 905