ЎзА Ўзбек

29.08.2018 17:13 Чоп этиш версияси

"Ўзим яҳудий, лекин бутун вужудим ўзбек!" (видео)

"Ўзим яҳудий, лекин бутун вужудим ўзбек!" (видео)

ТОШКEНТ — Қарийб 30 йилдан бери Америкада яшаётган Ўзбекистон халқ артистлари Муҳаббат Шамаева ва мақом устаси Изро Малаков Республика пойтахтидаги "Туркистон" санъат саройида саҳнага чиқиб, машҳур қўшиқларини ижро этди. "Шу кунгача бундай имконият бўлмаган эди", дейди санъаткорлар.

kFC3_gv6-NUFW-djijiY9nRsJJQnftWT.jpg
Малаков Америкадаги шогирдларини ҳам ўзбек оммасига таништирди. Келаси ҳафта бу ҳофизлар Шаҳрисабзда ўтадиган халқаро мақом фестивалида ҳам иштирок этади.

«Америка Овози» билан суҳбатда Муҳаббат Шамаева Ўзбекистоннинг қадри, ўзбек муҳлислар ва нега Америкада яшаши ҳақида сўзлади.


– Олисдаман, лекин қалбимда ҳамон Ўзбекистон артистиман, худди шу ерда яшайдиган одамдек ижод қиламан, – дейди Шамаева.

– Нима учун унда АҚШда яшайсиз? – деган саволга у 1980-йилларда, Совет даврида, яҳудийларга нисбатан сиёсий муносабат салбий бўлгани ва Америка бу элат вакилларига эшик очгани, жумладан, Бухоро яҳудийларига бошпана берганини сабаб қилиб кўрсатади.

Шамаеванинг барча оила аъзолари ўзи билан Нью-Йоркнинг Квинс туманида яшайди. Айнан шу ҳудуд Бухоро яҳудийларининг замонавий маконидир. Улар бу туманда ўз марказлари, матбуоти, ибодатхона ва бошқа даргоҳларига эга.

Бухоро яҳудийлари Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ўтказатидиган маданий тадбирларда ҳам фаол. 

Изро Малаковнинг айтишича, у кўп йиллардан бери Ўзбекистонга меҳмонларни олиб келади. Мусиқий-маданий тарғиботдан ташқари, мамлакатнинг хорижга нотаниш жиҳатларини реклама қилишга ҳам уринади. Малаков фикрича, ўзбекларнинг оилавий қадриятлари айниқса бебаҳо.

– Ўзим яҳудий, лекин бутун вужудим, жисмим ўзбек, – дейди Малаков «Америка Овози» билан суҳбатда.


Ўзбекчилик унинг учун миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ ва маънавий бойликдан иборат. Мусиқа, хусусан мақом, уларни ўзида мужассам этган йўналиш, дейди санъаткор.

Туркистон санъат саройидаги концерт нафақат ижодий кеча, балки сиёсий тадбир эканини Малаков тан олади. 

– Бухоро яҳудийлари учун катта саҳналар очиқ эканлиги Ўзбекистоннинг бағрикенг юрт эканини кўрсатади, – дейди у.

Бухоро яҳудийлари фақат Ўзбекистон ҳукумати эмас, Америка сиёсий доираларига ҳам яқин. Ўзларини маданият элчилари ва ўзаро манфаатларни олға суришга қодир иқтидорли жамоа деб билади.

Муҳаббат Шамаева ва Изро Малаков билан суҳбатларда улар бу борада фахр билан сўзлади.

Навбаҳор Имомова, 
“Америка овози” – ЎзА

21 260