ЎзА Ўзбек

06.02.2020 Чоп этиш версияси

“Ҳужжатсизмисиз, бу мамлакатда сизга жой йўқ”​ ёхуд импичмент амалга ошмади – Дональд Трамп оқланди

“Ҳужжатсизмисиз, бу мамлакатда сизга жой йўқ”​ ёхуд импичмент амалга ошмади – Дональд Трамп оқланди


АҚШ Президенти Дональд Трампнинг 4 февраль куни Конгрессга ва у орқали халққа Мурожаати ҳамда 5 февраль куни унга қўйилган айбловларнинг Сенатдаги овоз беришда барбод бўлгани экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ҳар иккала сиёсий жараён ҳам Трамп рейтингини оширишга хизмат қилди. Сўзни импичмент билан боғлиқ мавзудан бошласак. Сенатдаги кўпчилик республикачи вакиллар импичмент жараёнини 4 февралга қадар якунлашга қарор қилганди, негаки, бу ҳолатда Трамп олий қонун чиқарувчи органга мурожаатини барча айбловлар юзасидан оқланган ғолиб сифатида ўқиб эшиттирган бўларди. Режа амалга ошмади. Бироқ барибир 5 февраль куни Сенатда ўтказилган якуний овоз беришда амалдаги президентни ҳокимиятдан четлатишга қаратилган АҚШ тарихидаги учинчи жараён барбод бўлди.

Республикачилар назоратидаги Сенат рақиблари – демократлар илгари сурган айбловларни рад этди. 48 нафар сенатор Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор, деб топиш учун овоз берди. 52 сенатор АҚШ Президентини айбсиз деб тан олди.

Импичмент амалга ошиши учун Трампнинг рақиблари Сенатдаги овозларнинг учдан икки қисмини тўплаши керак эди. Импичмент учун ушбу модда бўйича барча демократлар ва бир нафар республикачи овоз берди.

Иккинчи, конгресс ишига тўсқинлик қилиш айблови бўйича 47 нафар сенатор Трампни айбдор, деб топди, 53 нафар сентор қарши чиқди. Биринчи ва иккинчи овоз беришдаги фарқ сабаби шундаки, республикачи сенатор Митт Ромни биринчи модда бўйича импичмент учун, иккинчиси иш юзасидан қарши овоз берди.

Ўтган йилнинг сентябрида бошланган импичмент жараёни барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида демократлар лидерларини сенатдаги эшитувлар бошланмасидан илгари аксарият сиёсатчилар огоҳлантиришган эди.

Конгресс спикери Нэнси Пэлоси хоним ҳам бу хавотирларга қўшилган ва ҳатто сўнгги уч йилдан бери Трампга қарши импичмент ташаббусидан воз кечишга партиядошларини чорлаб келаётганди. Стони Брук университети профессори, политолог Жонатан Сандерс импичмент жараёнидаги ғалаба Трампга шу кунгача танлов қила олмаётган сайловчиларнинг янги овозини келтиради, деб ҳисоблайди.

Энди бевосита Мурожаатга тўхталсак. Сенатдаги импичмент борасида ҳал қилувчи овоз бериш олдидан Доналд Трамп Конгрессга ушбу президентлик муддати давридаги сўнги мурожаатини йўллади. Ўз нутқида давлат раҳбари мамлакатдаги воқеалар жараёни унинг қайта сайланиш имкониятини оширишига урғу қаратди. Бу борада Трамп ҳақлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Ҳақиқатда АҚШ кейинги уч йилда иқтисодиётда катта ютуқларга эришди. Айтиш жоизки, бунгача тарихда импичментга учраган фақат икки президент халққа йиллик мурожаатини йўллаган. Ричард Никсон ва Билл Клинтон. Трамп учинчи шундай президент бўлди.

ИШЛАР САРҲИСОБИ​

Давлат раҳбарлари Конгресснинг ҳар икки палатаси қонунчилари олдида ўтган бир йилда қилинган ишларни сарҳисоб қилади, келажак режалари ва вазифаларини баён қилади. Билл Клинтон 1999-йилда халққа йиллик мурожаат қилганида Трамп каби лавозимидан кетиш хавфи билан юзлашган эди.

Американинг 42-президенти ўз нутқида импичментни тилга олмаган эди. Ричард Никсон эса 1974 йилда мурожаатининг бир қисмини ўзини ҳимоя қилишга қаратди. “Бу ва бошқа терговларга чек қўйиш вақти келди. “Уотергейт” бир йилга чўзилди. Етар!” деган эди 36-президент.

Оқ уйдаги раҳбарнинг йил бошида мамлакатдаги вазият ҳақида ўз ҳисоботини бериши — азалий сиёсий анъана. Одатда бу нутқ бир соатча давом этади ва унда биринчи ўринда ижтимоий-иқтисодий аҳвол туради. Ўз мамлакатининг иқтисодиёти Америка сайловчиларини ўйлантирадиган бош мавзу бўлиб келган. Ҳар қандай ташқи сиёсий муваффақият ва омадсизлик улар учун иккинчи даражали мавзу ҳисобланади.

Агар иқтисодиётда ютуққа эришилса, у ҳолда президент қайта сайланишга умид қилса бўлади. Шу нуқтаи назардан, Дональд Трамп навбатдаги йиллик нутқи давомида мамлакат иқтисодида ўз етакчилиги остида эришган ютуқларга урғу берди.

Трамп унинг раҳбарлигида мамлакат “қайта оёққа турганини” иддао қилди: — Иш ўринлари сони ошмоқда, маошлар кўтарилмоқда, қашшоқлик озаймоқда, жиноятчилик озаймоқда, ишонч ошмоқда, мамлакатимиз эса гуллаб-яшнаб, унга бўлган ҳурмат кучаймоқда, — деди президент ўз нутқи давомида.

Шу ерда бироз лирик чекиниш қилсак. Президент мурожаати давомидаги иккита рамзий воқеа томошабинларни ҳайратда қолдирди. Трибунага кўтарилар экан, Трамп намойишкорона тарзда Вакиллар палатаси спикери, демократ Нэнси Пелоси хонимга қўл узатмади, бунга жавобан спикер президент нутқи тугар тугамас, очиқчасига давлат раҳбари нутқини бўлиб қўйди.

“Қўшма Штатлар бугун ҳар доимгидан ҳам фаровон ва хавфсиз“, деди Трамп, маърузани бошлар экан. Унинг тасвирлашича, Америка иқтисодиёти ҳозирда кун сайин кучайиб бормоқда ва буни меҳнаткашларнинг ҳаёти яхшиланаётганидан билиш мумкин. Ўтган уч йилда 7 миллион иш ўрни очилган.

Американинг четга чиқиб кетган тадбиркорлари ватанга қайта бошлаган. Олдин ёпилган кўмир ва бошқа анъанавий ёнилғи турларини ишлаб чиқарувчи иншоотлар қайта очилмоқда. Мамлакат энергетик жиҳатдан энди мустақил. Айтиш жоизки, Президент Трамп даврида мамлакатда 12 минг янги фабрика ва завод очилди. Ишсизлик ўтган ярим асрдан бери энг паст нуқтада, 3-4 фоиз орасида. Президент Трампнинг айни дамдаги рейтинги, сўнгги оммавий сўровларга кўра, 49 фоиз.

"Америка бугун барча йирик ҳамкорлари билан янги савдо битимлари имзоламоқда ёки бунинг учун ҳаракат қилмоқда", дейди Трамп. Хусусан Канада ва Мексика билан бугун тижорат бошқача, “адолатли“.

Мурожаатда тилга олинганидек, меҳнаткашларнинг оилаларига ғамхўрлик қилиш, соғлиқни сақлашдан тортиб, таълимгача, янги имкониятлар яратиш билан давлат ҳар бир хонадоннинг ҳаётини осонлаштириш ҳаракатида.

“Фарзанд кўрганлар таътилга чиқа олсин. Болаларни катта қилишда ҳукумат оилаларга ёрдам берсин. Боғча ва мактаб топиш енгиллашсин. Ишчи ота-она боласини деб тирикчилигидан воз кечмасин”, дейди президент.

Трампга кўра, Америкада соғлиқни сақлаш тизими ислоҳоти ҳам олдинга силжиди. Ундан олдинги президент Барак Обама даврида жорий қилинган талаб, яъни ҳар бир америкалик тиббий суғуртага эга бўлиши керак, дея қабул қилинган қарор четга улоқтирилган.

Оқ уйнинг мақсади тиббий хизматларни арзонлаштириш, лекин уларнинг сифати пасаймаслигини таъминлаш. Дори-дармон нархини ҳам тушириш керак, дейди Трамп, шунингдек, америкаликларга тиббий суғурта ва шифокор танлашда кўпроқ вариантлар таклиф қилиш кўзда тутилган.

ИММИГРАЦИЯ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТИ ДАВОМ ЭТАДИ

Президентнинг таъкидлашича, ҳукумат ноқонуний муҳожирлар бирор шаҳар ёки қишлоқни эгаллаб олишига йўл қўймайди, яъни ҳужжатсиз иммигрантлар катта сонларда бир жойга тўпланиб олишига тоқат йўқ. Америка сарҳадига чегарани бузиб кирганлар жазоланади ёки чиқариб юборилади.

“Ҳужжатсизмисиз, бу мамлакатда сизга жой йўқ”, дея эслатди Трамп. Ҳар бир инсоннинг ўз йўли, ўз муаммоси бор; масала индивидуал тарзда кўриб чиқилиши, АҚШ ҳукумати инсонпарварлик меъёрларидан четга чиқмаслиги керак, деган танқидларга Трампнинг жавоби шуки, ҳукумат бу борада қатъий бўлмаса, 12 миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар сони ошаверади.

Мексика билан чегарада баланд ва кучли девор қурилмоқда. Келгиндиларга Америкада бошпана ҳам, тиббий ёрдам ҳам йўқ, дейди президент. Солиқ тўловчининг пули мамлакат қонунларига хилоф равишда юрганларга сарфланмайди.

Ташқи сиёсат бобида гапирар экан, Трамп Венесуэлада Николас Мадуро раҳбариятини тан олмаслигини айтди. 59 давлат билан ҳамкорликда уни ҳокимиятдан олиш учун ҳаракат кетмоқда.

"Мадуро ўз халқини эзаётган, ўлдираётган одам", дейди президент.

“Венесуэланинг ҳақиқий раҳбари Хуан Гуайдодир“, деди Трамп уни Конгрессга таништирар экан. Бу пайтда Гуайдо қонунчилар қаторида ўтирган эди.

Трамп АҚШ “Исломий давлат“га қарши ғалаба қилганини айтди. “Радикал исломий терроризмга қарши курашаверамиз. “Исломий давлат“ бугун йўқ. Унинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийни ҳам ўлдирдик“.

Президент Эрон генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганини террористларга кучли сигнал дея таърифлади. “Террористлар билсинки, бизга ҳужум қилсангиз, адабингизни берамиз. Ўзингизнинг жонингизни оламиз“.

"Эрон халқи эркинлик истайди", дейди Трамп. Америка уларга ёрдам беришга тайёр, лекин ўзгариш қилишни уларнинг ўзи хоҳлаши керак. Демократия йўлидан борса, Америка улар тарафида", дейди президент.

“Афғонистондаги урушни тугатамиз. Бу тарихимиздаги энг узоқ уруш“. Бу урушда узоқ пайтдан бери хизмат қилиб юрган америкалик зобит Трамп нутқи пайтида залда ўтирган оиласининг олдига кириб келди. Оқ уйдан бу аскарнинг рафиқаси ва икки фарзанди учун сюрприз. Президент уни таништирар экан, ҳарбийга раҳмат айтди ва жанг майдонига бошқа қайтмаслигини билдирди.

Трамп бир нарсани тан олади: у бошқараётган давлат дунёнинг барча қисмларида ўз манфаатларига эга ва Вашингтон уларни ҳимоя қилиши шарт. Давлат хавфсизлигини таъминлаш АҚШ ҳукуматини кўп ҳолларда қайноқ нуқталардаги можароларга бош суқишга мажбур қилади. Америка дунё тинчлиги учун ўз ҳиссасини қўшишда давом этади, бунда асосий мақсад — АҚШ фойдаси учун ишлаш.

"Вашингтон билан чиқишмай келаётган Эрон сингари тузумлар қилмишидан пушаймон бўлади, чунки Америка бунга қодир", дейди Трамп.

Ўтган уч йилда АҚШ ҳарбий салоҳиятини кўтариш учун 2,2 триллион доллар сарфлаган. Трамп даврида АҚШ Фазо кучлари ташкил этилди. Улар Американинг самодаги манфаатларини ҳимоя қилади. Президент ўзини тинчликсевар инсон деб атайди.

Шимолий Корея билан тил топишишга уринаётгани, қолаверса Афғонистонда Толибон билан ҳам муроса йўлларини излаётганини мисол сифатида келтиради.

“Бироқ бизнинг манфаатларимизга таҳдид солган ҳар қандай тараф ер тишлайди. АҚШ дўстлари ким эканини ҳам яхши билади. Вашингтон уларни эъзозлайди ва улар билан яқиндан ишлайверади", дейди Трамп.​

Яқин Шарқда тинчликка эришиш, яъни Исроил ва Фаластин орасидаги узоқ йиллик можарога барҳам бериш — Оқ уй олдидаги буюк вазифа. Бироқ Фаластин бу режага қарши ва Американи ишончли воситачи деб билмайди. “Мақсад тинчлик бўлса, араблар биз билан бир даврада ўтиришга мажбур“, дейди Трамп.

Хуллас, Мурожаатда Президент Трамп ноябрда қайта сайланиш учун керак бўлган барча факт ва рақамларни тилга олди.

“Шубҳасиз, иқтисодиёт гуркирамоқда, афро-америкалик ва испан тили аҳоли орасида ишсизлик ҳар қачонгидан кам”, дейди Вашингтондаги Херитиж жамғармасидан Ханс фон Спаковский. Президент Трамп ҳам ўзига ҳар қачонгидан кўра ишонган.

“Келаётган ноябрь ойида Вакиллар палатасини қўлга киритамиз, Сенатни ушлаб қоламиз, Оқ уй ҳам бизда қолади”, деган эди Трамп сўнгги сайловолди намойишларининг бирида.

ИМПИЧМЕНТ АМАЛГА ОШМАДИ – ДОНАЛЬД ТРАМП ОҚЛАНДИ

АҚШ Сенати Президент Дональд Трампни импичмент бўйича тўла оқлади.

Шундай қилиб Оқ уй раҳбари суд қилинмайди ва ҳокимиятдан ҳам четлаштирилмайдиган бўлди.

Конгрессменлар Трампга нисбатан мансаб ваколатини оширганлиги ва конгресс ишига тўсқинлик қилганлиги бўйича айбловни асоссиз деб топишди. Шу билан анчадан буён америка жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратиб келаётган импичмент жараёни ниҳоясига етди.

2019 йилда вакиллар палатаси томонидан фақат депутат демократларнинг овози билан Трампга импичмент жараёнини бошлаш илгари сурилган эди.

Трамп АҚШ тарихида импичмент эълон қилинган учинчи президент бўлди.


Абдували СОЙИБНАЗАРОВ


4 523
ЎзА