ЎзА Ўзбек

17.03.2020 Чоп этиш версияси

Қўшни давлатларида пандемия тўхтатилмаса, Ҳиндистоннинг муаммога қарши курашиши осон кечмайди

Қўшни давлатларида пандемия тўхтатилмаса, Ҳиндистоннинг муаммога қарши курашиши осон кечмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилнинг 11 мартида COVID-19 ни пандемия деб эълон қилди. Ер юзи бўйлаб 140000 киши вирусга йўлиқди. Бугунги кунда СААРК минтақасида (Ҳамкорлик муносабатлари учун Жанубий Осиё Ассоциацияси) иккита ўлимга олиб келган коронавируснинг 150 та ҳодисаси қайд этилганига қарамай, ташвишланишга сабаб бўладиган асослар етарли, негаки, бу ерда ер юзи аҳолисининг бешдан бир қисми истиқомат қилади, боз устига, соғлиқни сақлаш тизимида етарли муаммолар бор.

Мазкур пандемия дунё давлатларини бир-бирига ёрдам бериш имкониятини чеклаяпти. Шунинг учун минтақавий ҳамкорлик мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан Ҳиндистон ўз ўз қўшниларига гуманитар эҳтиёжларга устувор аҳамият қаратиши, пандемияга қарши жамоавий чоралар кўриш, бу каби мураккаб трансмиллий муаммоларни ечиш учун минтақадаги барча мамлакатларнинг қўшма саъй-ҳаракатларини кучайтириш мақсадида мурожаат билан чиқди.

Ана шу доирада Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди СААРК давлатлари – Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Покистон, Непал, Шри-Ланка, Мальдив давлат ва ҳукумат раҳбарлари, СААРК бош котиби, ташкилотнинг табиий офатларни бошқариш маркази расмийлари иштирокида жонли тарзда мулоқот ўтказди. Унда пандемияга қарши курашда ҳамкорликда амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида сўз борди. Яқинда ўтказган жиддий операцияга қарамай, видеоконференц-алоқада Непал бош вазири ҳам иштирок этди.

Минтақа раҳбарлари ҳар ҳар бир мамлакатда кўрилаётган чоралар билан ўртоқлашдилар ва бундан кейинги ҳаракатлар ҳақида фикр алмашдилар. Уларнинг айримлари икки томонлама асосда Ҳиндистоннинг пандемияга қарши курашдаги ташаббуси ва ёрдами учун миннатдорчилик билдиришди.

ВАҲИМА КУЧАЙИБ КЕТМАСЛИГИ УЧУН

Ҳиндистон муаммога зудлик билан муносабат билдирган давлатлардан бири. Шу йилнинг 7 январида Хитой коронавируснинг янги типи (COVID-19)ни аниқланганидан бир кун ўтиб – 2020 йилнинг 8 январида қўшма мониторинг механизми жорий этилди.

Эпидимеологик назоратни тезда кучайтириш, мониторинг чораларини босқичма-босқич ва очиқ усул билан кучайтириш, бир вақтнинг ўзида жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш Ҳиндистон ҳукуматининг асосий ёндашувидир.

17 январдан бошлаб мамлакатнинг асосий аэропортларида тепловизор воситалари ўрнатилди. Касаллик Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига тарқалиши муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилган аэропортлар сони 21 тага етказилди.

Юқумли хасталик Европага ҳам тарқалгач, универсал текширув ўтказиладиган аэропортлар сони 30 та етди, шунингдек, қуруқликдаги чегара ўтиш назорат пунктларида ҳам назорат кучайтирилди.

Одамлар орасида ваҳима кучайиб кетмаслиги учун сафарларга ҳам босқичма-босқич чеклов ўрнатилмоқда.

Жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида телевидение, босма ва ижтимоий тармоқларда кампания фаоллаштирилди, шунингдек, махсус ишлаб чиқилган материаллар тарқатилмоқда.

Барча штатлар ва иттифоқчи ҳудудларда тиббий ходимларнинг тайёргарлиги кенгайтирилиши ҳисобига тизимли потенциал оширилди. Пандемияга қарши курашнинг ҳар бир босқичи учун протоколлар ишлаб чиқилди, кириш пунктларида скрининглар жорий этилди; изоляцион муассасаларда карантин ва бошқарув йўлга қўйилди.

Ҳиндистон хориждаги ватандошларининг чақириғига лаббай деб жавоб берди, касаллик ўчоғи бўлган ҳудудлардан 1450 ҳиндларни, қолаверса, қўшни мамлакатларнинг бир неча фуқароларини хориждан қайтарди.

Энди расмий Деҳли кўнгилли бадал асосида COVID-19 фавқулодда фондини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бошланишига Ҳиндистон 10 миллион АҚШ долларини ажратишга ваъда берди. Мақсад пандемияга қарши курашда шошилинч чораларга кетадиган ҳар қандай минтақа давлатининг харажатларини қоплашга кўмаклашиш. Ташқи ишлар вазирлари концепцияни ва тезкор қоидаларни ишлаб чиқишлари керак бўлади.

Ҳиндистоннинг шифокорлар, мутахассислар ва тажрибавий анжомларидан иборат бўлган тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлари кутиш режимида турибди.Шу билан бирга, СААРК мамлакатларининг фавқулодда вазиятлар билан ишлайдиган ходимлари учун онлайн тренинглар ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Ҳиндистон Ассоциацияга аъзо давлатларга икки томонлама асосда уларнинг илтимосига кўра ёрдам кўрсатишни таклиф қилди ва айрим давлатларга кўмак кўрсатди ҳам. Масалан, Мальдив шулар жумласидан.

Албатта, бу билан Ҳиндистон уларга ўзининг етакчилик ролини тиқиштирмоқчи эмас, балки пандемияга қарши курашда барчага фойдали бўлиши учун ҳамкорликни, ахборот алмашишни таклиф этмоқчи.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги инқироз шароитида Ҳиндистон қўшниларига зарурат туғилган тақдирда ёрдам кўрсатмоқчи. Агар ҳозир ўз ҳудудига яқин қўшни давлатларда пандемия тўхтатилмаса, муаммога қарши курашиш кейин осон кечмайди.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

1 628
ЎзА